uz24.uz сайтининг ижтимоий тармоғидаги “Жамоатчилик назорати” гуруҳига фойдаланувчилар томонидан пойтахтимизнинг бир неча жойларида дарахтлар кесилаётгани ҳақида хабарлар жойланмоқда.



Жумладан, гуруҳ иштирокчиларидан бири Сирғали туманидаги 7- ўрта мактаб атрофида кўп йиллик чинор дарахтлари кесилаётганини маълум қилган. Ажабланарлиси шундаки, дарахтларнинг учлари бутунлай арралаб ташланган ва айни пайтда у кўпроқ уч метрли устунни эслатмоқда.
Бундан ташқари, дарахтлар Нукус кўчасида ҳам ёппасига кесиб ташланаётгани тўғрисида хабар берилган. Мазкур туманда яшовчиларнинг сўзларига кўра, кесиш ишлари кечаси ҳам давом эттирилмоқда. Шу ўринда айтиш керакки, UZ24 таҳририятига Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар бўлими маълум қилишича, ҳозирда бу кўчада чинорларнинг кесилишига расмий рухсат берилган. Қўмита чинорлар ўрнига лола дарахти экилишини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, пойтахтда дарахтларни арралашга, кесишга Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосаридан махсус рухсатнома талаб этилади.





