Бугунги кунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида республика миқёсида 27 та вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюролари фаолият юритмоқда. Шунга қарамай, аҳолининг бир марталик ишга бўлган талабини қондиришда сифат ва тезкорлик масаласида қатор муаммолар кузатилмоқда. Шунинг учун иш сўраб келган фуқаролар бюро фаолиятидан қониқмаяпти, дея таъкидланди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида ўтказилган йиғилишда.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилган ишчи гуруҳ йиғилишида ёлланиб ишлаётганлар фаолиятини тартибга солиш масалалари муҳокама этилди.
Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Республика кенгаши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари, Миробод, Шайхонтоҳур, Учтепа, Яшнобод ва Олмазор туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда Иттифоқнинг Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари раислари, ёшлар бандлиги йўналишига масъул ходимлар иштирок этдилар.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 январдаги йиғилишида Тошкент шаҳрининг 3 та туманида ёлланма ишчилар фаолиятини тартибга солиш мақсадида тажриба-синов тарзида замонавий типдаги вақтинчалик иш билан таъминлаш бюроларини ташкил этиш белгиланган.
Йиғилишда Марказий Кенгашнинг Бандликка кўмаклашиш ва ижтимоий ҳимоя бўлими томонидан ишлаб чиқилган ёлланма ишчилар учун тажриба-синов тарзида замонавий типдаги вақтинчалик иш билан таъминлаш бюроларини ташкил этиш концепцияси тақдимоти ўтказилди.
– Биз “DAY JOB UZ” хизмати агентлиги тузишни таклиф қилдик, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим мудири Бунёд Гафуров. – Унинг марказий идораси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилади. Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур, Яшнобод, Олмазор туманларидаги вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюролари биносида агентликнинг филиаллари жойлашади. Ҳар бир фуқаро ўзининг доимий ёки вақтинчалик яшаш ҳудудидан келиб чиққан ҳолда агентликка бир марта аъзоликка қабул қилинади. Ҳар бир аъзо учун “DAY JOB UZ” онлайн дастурига кириш ва кузатиб бориш учун махсус рақам-код берилади. Шу орқали бир кунлик ишга чиқмоқчи бўлган ишчи хизматга чақирилади.
Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази етакчи мутахассиси Рустам Ибрагимовнинг бир марталик меҳнат бозорларини тартибга солиш борасида ишлаб чиққан “Job cafe” мобил иловаси лойиҳаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
– “Job cafe” мобил иловасида бир кунлик ишга чиқувчиларнинг электрон базаси яратилади, – дейди Рустам Ибрагимов. – Иловани мобиль телефонига юклаб олган иш берувчи иш жойидан туриб ишчини топиб, телефон орқали боғланади. Бу ҳам вақтни тежайди, ҳам оворагарчиликларнинг олдини олади.
Йиғилишда ҳамкор ташкилотларнинг ўрни, вазифалар тақсимоти юзасидан фикрлар алмашилди.
Муҳокамалар давомида Тошкент шаҳрининг Миробод, Шайхонтоҳур ва Олмазор туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари ҳам сўзга чиқиб, бир қатор таклифларини ўртага ташлади.
Гўзал Охунова





