Солиқ ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ қонунчилигига риоя этилишини профилактика қилиш мақсадида ялпи паспортлаштириш (кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш) тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабар берди.
Ушбу тадбирлар хўжалик субъектларини текшириш билан умуман боғлиқ бўлмасдан, асосий мақсад тадбиркорларга солиқ қонунчилигига риоя этишларида кўмак ва маслаҳат беришдан иборат.
Мазкур тадбирлар чоғида ишбилармонлик субъектларига нисбатан ҳеч қандай маъмурий ҳамда молиявий жарималар қўлланилмайди ва мавжуд тушунмовчиликлар ҳамда камчиликлар ҳамкорликда бартараф этилади.
Уларга давлат солиқ хизмати органининг 2 558 нафар ходими жалб қилиниб, дастлабки икки кунда 19 032 та объект кўздан кечирилди.
Натижада:
- меҳнат шартномаси тузмасдан ишлаётган 5 651 нафар фуқаро ижтимоий ҳимояланишлари учун иш берувчилар билан муносабатларини қонуний расмийлаштиришлари;
- 2 254 нафар жисмоний шахс давлат рўйхатидан ўтиб, тадбиркорлик билан шуғулланишлари;
- 3 968 та объект эгалари ижара шартномаларини давлат солиқ инспекцияларида рўйхатга қўйишлари ва 875 та мол-мулк объекти ҳамда ер майдони эгалари мулкини кадастр идораларида рўйхатдан ўтказишлари тўғрисида профилактик суҳбатлар ўтказилиб, огоҳлантиришлар берилган.






