Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан Москва шаҳрида бўлиб турибди.
Улар Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев билан учрашди.
Дмитрий Патрушевнинг сўзларига кўра, 2018 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси сезиларли ошган. Бунда божхона тизимида жорий этилган “Яшил йўлак” ва бошқа битимларнинг алоҳида ўрни бор.

Томонлар илмий-техникавий ютуқлар, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш каби соҳаларда тажриба алмашиш, маҳсулотлар савдоси тури ва ҳажмини янада ошириш юзасидан келишиб олди.
Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Россиянинг турдош идоралари ўртасида, хусусан, қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам ҳамкорлик кўламини кенгайтириш таклифи қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон Республикаси ишчи делегациясининг ташрифи давом этмоқда.






