АсосийJamiyat

Чилонзорда нақд пулни банкка топширмаган корхона эгалари жазоланди

Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган «ПЭТ» капсула ишлаб чиқариш тармоғида рўй берган молиявий қинғирликларга йўл қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда «Биржа» газетаси хабар бермоқда.

Солиқ текшируви давомида ушбу шохобчанинг омбор мудири маҳсулотлар сотувидан тушган, лекин тегишли тартибда назорат-касса машинасидан ўтказилмаган 6,936 миллион сўм миқдоридаги маблағни ўз хизмат хонасида сақлаб келаётгани маълум бўлган. Бундан ташқари, шохобчада яширинча тўлдирилган иккиламчи бухгалтерия дафтари топилган.

«Уни синчиклаб ўрганиш натижасида жами 56,801 миллион сўм ҳамда ўзбек пулида ёзилиб, АҚШ валютасига айлантирилган 26 минг 345 доллар миқдоридаги маблағ банк муассасасига инкассация қилинмай, ўзлаштириб юборилгани, шунингдек, бирон-бир ҳужжатсиз ишга қабул қилинган беш нафар ходимга 39,4 миллион сўм пул «конверт» усулидаги маош сифатида тарқатилгани ҳам маълум бўлди», – дейилади газета хабарида.

«Жиноятчилар тегишли тартибда жазога тортилдилар», – деб ёзган «Биржа», қоидабузарларга нисбатан айнан қандай жазо қўлланилганига аниқлик киритмаган.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар