18 октябрь куни “Россия 1” телеканали орқали “Ўзбекистон. Қумликлар марвариди” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Ўзбекистон ҳақида сўзловчи ушбу янги ҳужжатли фильмни 180 миллиондан зиёд томошабинлар томоша қилди.
Фильм бош продюссер Саида Медведева раҳбарлигидаги “Мастерская” кинокомпаниясининг муаллифлик ишидир. Ижодий изланишлар Тошкентдан бошланиб, Самарқанд, Бухоро ва Хивада давом этди. Россиялик режиссёрларга Ўзбекистон электрон ОАВлари Миллий ассоциацияси аъзолари – ҳудудий телекомпания вакиллари ҳам ҳамроҳлик қилди.
Суратга олиш гуруҳи кўп асрлик шойи миллий матосининг салқинлиги, машҳур Самарқанд қоғозининг умрбоқийлиги, паловнинг бетакрор таъми ҳамда ўзбек нонларининг ёқимли ҳиди билан боғлиқ бир неча асрлик сирларни билиб олишга муяссар бўлди.
Мазкур ҳужжатли фильмда ўрта асрлар Шарқининг машҳур олим ва файласуфлари қолдирган ижодий меросининг ҳозирги замон цивилизацияси тарихида тутган роли ва ўрнини ёритишга алоҳида урғу берилган.
Шу билан биргаликда, муаллифлар Ўзбекистонда бугунги кунда ўз билим ва истеъдодига эга янги авлод шаклланаётгани, уларга бу ерда алоҳида эътибор қаратилиб, қўллаб-қувватланаётгани ҳамда имкониятлар яратиб берилаётганини таъкидлади.
“Ўзбекистон. Қумликлар марвариди” ҳужжатли фильми бир вақтнинг ўзида Russia.tv. сайтида ҳам трансляция қилинди.
“InfoCOM.UZ” журнали таҳририяти ёзишича, фильмнинг муваффақияти ҳар томондан энг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланганлиги билан боғлиқдир. Масалан, фильмда қуш парвози баландлигидаги панорама кадрлар радиобошқарувли дрон (мультикоптер) ёрдамида суратга олинган. Фильмни суратга олиш ишларида қатнашган ўзбекистонлик ижодкор тақдим этган суратлардан иш жараёнида учувчисиз учадиган аппарат қўлланилганини ҳам кўриш мумкин.





