АсосийJamiyat

Пахтакорлардан даромад солиғи олинмайди

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Солиқ кодексининг айрим моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, Кодекснинг 179-моддаси “пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган жисмоний шахсларнинг бу ишларни бажарганлик учун олган даромадлари” деган мазмундаги 33-банд билан тўлдирилиб, жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари таркибига қўшимча киритилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, бунга қадар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 181-моддасига мувофиқ, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан вақтинчалик қишлоқ хўжалиги ишларига, жумладан, пахта хом-ашёсини йиғиб-териб олиш бўйича мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган ходимларни ушбу ишларни бажаришдан олган даромадлари белгиланган энг кам ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилган.

Таъкидлаш керак, 2012 йил 22 октябрда “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинган. Мазкур Фармон билан “Фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган фермерликни ривожлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар” дастури тасдиқланди. Унда ушбу соҳани янада ривожлантириш борасида 27 та йўналишдан иборат  долзарб вазифалар белгиланди.

Дастурнинг 22-бандида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига пахта хом-ашёсини йиғиб-териб олиш бўйича мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган ходимларни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этишни назарда тутадиган қўшимчалар киритиш белгилаб берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси сайти хабар беради.

    Бошқа янгиликлар