АсосийSport

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг ҳал қилувчи ўйинини БАА ҳаками бошқариши мумкин

Футбол бўйича 2014 йилги Олий Лига ғолиблигига асосий даъвогар икки жамоа – «Пахтакор» ва «Локомотив» жамоалари ўртасидаги учрашув бош ҳаками хориждан таклиф этилиши мумкин. Бу ҳақда Championat.asia хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, ушбу ўйинни бошқариб бориш учун катта эҳтимол билан БААдан ҳакамлар бригадаси таклиф этилиши мумкин.

Олий Лига ўйинлари ташкилотчиси ҳисобланган Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси эса бу ҳақда ҳеч қандай расмий ахборот берганича йўқ.

Қайд этиш жоиз, бунгача ҳам Олий Лига учрашувларида хорижлик ҳакамлар иш олиб борган. Хусусан, 2010 йилги мавсумда «Пахтакор» – «Насаф» учрашувини БААлик Фарид ал-Марзуқий бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб борганди.

Маълумот учун, «Пахтакор» ва «Локомотив» ўртасидаги учрашув 21 октябрь куни ўтказилади. Айни вақтда чемпионатда пешқадамлик қилаётган «Локомотив» ва «Пахтакор» ҳисобида 54 очкодан бор, бироқ «Пахтакор» битта кам ўйин ўтказган.

Мухлис ва мутахассисларнинг фикрича, 2014 йилги Ўзбекистон чемпионати ғолиби номи айнан шу ўйиндан сўнг деярли аниқ бўлиб улгуради.

    Бошқа янгиликлар