Айтишларича, истеъдодли одам ҳамма нарсада қобилиятли бўлар экан, аммо спортда юқори натижага эриша олмайди. Жисмоний тарбия билан миллионлаб инсонлар шуғулланишади, аммо ўзини ҳақиқий синаб кўриш ва муваффақиятга эришиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Қуйида спортга катта ишонч билан қараган, бироқ тарихга бошқа соҳадаги муваффақиятлари билан кирганлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Жейсон Стэтхэм
У болалигиданоқ спорт ва актерлик маҳоратини бирга юксалтиришга ҳаракат қилган, бироқ унинг энг катта қизиқиши сувга сакраш бўлган. Стэтхэм Буюк Британия терма жамоасига сафига қўшилади ва 1988 йили Сеулда ўтказилган Олимпия ўйинларида қатнашади. 1992 йили жамҳон чемпионатида 12-ўринни эгаллайди.
Стэтхэмга спортчилик карьерасини тугатишига маблағ етишмаслиги мажбур қилади. Бўлғуси Голливуд юлдузи кўчада атир-упа ва заргарлик буюмларини сота бошлайди. Кейин эса унга кийим-кечак ишлаб чиқарувчисидан рекламада тушиш таклифини олади ва Жейсон рози бўлади.
Кейинчалик реклама фирмаси тавсиясига кўра у режиссер Гай Ричининг янги фильми учун синовларда қатнашади. Режиссер уни “Карта, пул, икки тўппонча” фильмига тасдиқлайди. Бу эса омадсиз сувга сакровчи учун Голливуд эшикларини очади.
Тилль Линдеманн
Тилль бутун дунёга Rammstein гуруҳи хонандаси сифатида машҳур, лекин ўз вақтида унинг сузувчи бўлганлигини жуда кам киши билади.
Линдеманн 10 ёшида сузиш секциясига киради ва 1980 йили уни аъло баҳолар билан тугатади. Ўқиш пайтида у ГДР таркибида Европа чемипионатида иштирок этади. Мураббийлар ҳаттоки, 1980 йили Москвада ўтказилган Олимпиадага ҳам олиб боришга номзод сифатида кўрсатишади. Аммо Олимпия ўйинларга унчалик кўп вақт қолмаган бир пайтда у Италияда ўтказилаётган халқаро мусобақа вақтида қандайдир бўлмағур дўконни айланиш мақсадида рухсатсиз меҳмонхонадан қочиб кетади. Айнан мана шу воқеа унинг спорт соҳасидаги фаолиятига нуқта қўяди ва у ўзини мусиқада синаб кўришга қарор қилади.
Земфира
Земфира Рамазанова Уфада баскетбол билан шуғуллана бошлайди. “У менинг қўл остимда узов вақт, аниқроғи 1986-1993 йиллар мобайнида ўйнади. Жисмоний жиҳатдан унчалик ҳам алоҳида белгиларга эга бўлмаганлиги сабабли у асосан бошига эътибор қаратарди”, - дея эслайди унинг биринчи мураббийи Юрий Максимов.
Натижада бўлғуси қўшиқчи баскетбол бўйича Россия ёшлар терма жамоасига сардорликкача бориб етади. Лекин 10-синфда у бир қарорга келади ва 9 йил ўтиб, баскетболдан кетади.
Алексей Ванин
Алексей болалигида спортчи бўлишни орзу қилган, бироқ унинг режаларига Улуғ Ватан уруши халақит берган. 1941 йили Ванин фронтга кетади (ёши етмаганлиги сабабли бир ёш қўшиб кўрсатган). Уруш тугагандан сўнг юнон-рум кураши бўйича собиқ Иттифоқ терма жамоасига тушади. Натижада у спорт устаси унвонига сазовор бўлади. Иттифоқ чемпионатида иккита кумуш ва иккита бронза медални қўлга киритади.
Ванин кинода 1954 йили “Жаҳон чемпиони” фильми орқали кириб келади. Унга юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионлигига эришган қишлоқ боласи ролини ўйнаш ишониб топширилади. Ушбу фильмдан сўнг Ванинга кўплаб таклифлар келиб туша бошлайди. Унинг энг машҳур фильмлари сифатида “Омадл жентельменлар”, “Афоня”ларни айтиб ўтиш мумкин. У жами 70дан ортиқ фильмларда рол ижро этган.
Хью Лори
Доктор Хаус роли ижрочиси ёшлигида академик эшкак эшиш билан жиддий шуғулланган. 1977 йили айнан шу спорт турида ёшлар ўртасида Буюк Британия чемпионлигига эришган. Шунингдек, Хью жаҳон чемпионатида мамлакати шарафини ҳам ҳимоя қилган. У чемпионатда ўз шериклари билан тўртинчи ўринни қўлга киритган.
Университетдалигидаёқ Лори спортдан ташқари талабалар театрида ҳам фаолият кўрсатган. Хью бундан ташқари мусиқачи ҳам ҳисобланади. У 2012 йили дунё бўйлаб турни амалга оширган.
Хулио Иглесиас
Хулио ёшлигида Мадриднинг “Реал” клуби ёшлар жамоаси дарвозабони бўлган. У пушкаш, Альфредо Ди Стфефано каби футболчилар билан машқларда қатнашган. Аммо 19 ёшида у автофалокатга учрайди ва шундан кейин икки йил касалхонада михланиб қолади. Футбол соҳасидаги карьераси тугаганлигини билган Иглесиас ўзини профессионал саҳнада синаб кўришга қарор қилади ва жаҳон миқёсидаги юлдузга айланади.
Айтганча, бўлғуси машҳур қўшиқчи ҳеч қачон “Реал”даги дарвозабонлик учун ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр эканлиги ҳақида гапирамаган.
Рене Лакост
Спорт кийимлари борасидаги дунёга машҳур бренд пайдо бўлмасидан олдин Рене Лакост ўз даврининг энг яхши теннисчиларидан ҳисобланарди. Унинг 10 марта Катта дубулға турнири ғолиби бўлганлигини, 1926 ва 1927 йилларда жаҳоннинг биринчи ракеткаси ҳисобланганлигини айтишнинг ўзи кифоя.
1926 йили Лакост АҚШ очиқ чемпионатида ўз тиккан кўйлакни кийиб кортга чиқади ва шундан сўнг Lacoste спорт кийимлари бренди пайдо бўлади.
Бубба Смит
Буббанинг отаси америка футболи бўйича мактаб жамоаси мураббийи эди. Унинг болаликданоқ ушбу спорт турига қизиқиши ҳайратланарли эмас. 1967 йили бўйи 2 метр ва оғирлиги 100 килограммдан ортиқ бу йигитни Миллий футбол лигасига таклиф қилишади. Бу турли вақтларда “Балтимор Кольтс”, “Окленд Рейдерс” ва «Хьюстон Ойлерс” каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган. Мухлислар Смитнинг улкан қоматини яхши кўришарди ва ўйин вақтида “Ўлдир, Бубба, ўлдир” деб бир овоздан бақиришарди.
1975 йили олган жароҳати сабаб у спортдан чекинади ва Голливудга қадам босади. Кино соҳасида унинг ташриф қоғози “Полиция академияси” фильмидаги бақувват Мозес Хайтауэр ҳисобланади.





