1 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошкентда қад кўтарган янги “Минор” масжидига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти хабар беради. Ушбу масжид Марказий Осиё ҳудудидаги энг йирик иншоотлардан бири саналади.
Президентимиз ғояси ва амалий таклифлари асосида яратилган ушбу лойиҳада миллий меъморчилигимизнинг, бутун дунёда машҳур бўлган масжид ва мадрасалар қуришнинг азалий анъана ва услубларидан ижодий фойдаланган ҳолда, ҳар жиҳатдан бетакрор, муаззам мажмуа барпо этиш кўзда тутилган.
Ислом Каримов масжиднинг ички ва ташқи кўриниши, баҳаво айвонлари, миллий ўймакорлик услубида ишланган устунлар, бино қуббасидаги олтин суви билан зийнатланган нақшларни кўздан кечириб, қўли гул усталарнинг меҳнатига муносиб баҳо берди.
Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари Ислом Каримов шу йилнинг 18 июль куни бу масканда бўлиб, қурилиш ишлари билан танишган эди. Шу билан бирга юртбошимиз бу ерда моҳир қурувчи, муҳандис ва усталарнинг фаолияти билан танишиб, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида фикр билдириб, мажмуани янада такомиллаштириш бўйича муҳим кўрсатма ва тавсиялар берган эди. Орадан икки ярим ой ўтиб, 2400 кишига мўлжалланган мажмуадаги ишлар ўз ниҳоясига етди.





