WikiLeaks портали асосчиси Жулиан Ассанж Британия ОАВларига берган интервьюсида Google компаниясини АҚШ махсус хизмати билан ҳамкорлик қилишда айблади. Ассанжнинг фикрича, компаниянинг фаолияти “маълумотлар тўплаш”дан иборат.
Ассанжнинг маълум қилишича, Google компанияси одамлар ҳақида маълумотлар йиғишади ва махсус хизматларга, реклама берувчиларга сотиб юборишади. “Google компаниясига келиб тушаётган маблағларнинг 80 фоизи фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни савдосидан тушади. Уларнинг мулойим логотипи ортида, дунё бўйлаб миллионлаб одамларни назорат қилувчи катта машина беркинган. Ҳозирда ушбу компания дунёдаги энг обрўли тижорат ташкилотидир”,-дейди Ассанж.
Эслатиб ўтамиз, Ассанж икки йилдан бери Лондондаги Эквадор элчихонасида яшаб турибди. Ассанж Британия ҳукумати уни Швецияга юборишидан хавфсирамоқда. У ерда Ассанж номусга тегиш иши бўйича терговдан ўтказилади. Ассанжнинг адвокатлари эса Швеция ўз навбатида уни АҚШ ҳукуматига топширишини айтишмоқда. АҚШда Ассанж жосусликда айбланмоқда ва уни АҚШда ўлим жазосига ҳукм қилишлари мумкин.
WikiLeaks – халқаро нотижорат ташкилот бўлиб, аноним манбалардан олинган махфий ҳужжатларни чоп этган. Сайт 2006 йил ишга туширилган. Сайт фаолиятининг биринчи йилида 1,2 миллиондан ортиқ махфий ҳужжатларга эга бўлган.





