АсосийJamiyat

Ўзбекистон-Жанубий Корея савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

29 май куни пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Жанубий Корея ҳукуматлараро қўмитанинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи ишлар, иқтисодиёт, молия, нефть-газ, савдо-сармоя, автомобилсозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, тўқимачилик, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, авиаташув, атроф-муҳит муҳофазаси, алоқа ва ахборотлаштириш, геология каби соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ва ишончли стратегик шериги ҳисобланади. Мамлакатларимиз иқтисодий йўналишда катта салоҳият ва имкониятларга эга. Бу борада икки давлат ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган.

2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард АҚШ долларидан ошди. Ўзбекистонда Жанубий кореялик ишбилармонлар билан ташкил этилган қарийб 420 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Корея Республикасининг саксонга яқин компанияси мамлакатимизда ўз ваколатхонасини очган. Улар савдо, тўқимачилик ва енгил саноат, тоғ-кон металлургияси, кимё ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик, металлни қайта ишлаш, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, транспорт хизмати кўрсатиш каби соҳаларда иш юритади.

Жанубий кореялик бизнес вакиллари иштирокида юртимизда қатор стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Сурғил” кони негизида қиймати қарийб тўрт миллиард долларлик Устюрт газ-кимё мажмуаси барпо этилмоқда. У нефть-кимё соҳасида дунёдаги энг йирик лойиҳалардан биридир.

Мажлисда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида изчил ривожланаётган савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ўзаро муносабатларни янада кенгайтириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш имконини бераётгани қайд этилди.

Тадбирда меҳмонларга мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналарида иш юритиш учун яратилган имконият ва имтиёзлар, шунингдек, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари  юзасидан фикр алмашилди.

Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг иқтисодиёт масалалари бўйича ўринбосари Ан Чонг Ги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам учрашув ўтказди. 

    Бошқа янгиликлар