АсосийJamiyat

991 млн сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди

Мамлакатимизда қишлоқ xўжалиги маҳсулотлари экспорти учун барча қонуний имконият ва шарт-шароитлар яратиб берилган.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 8 майдаги 93-сон Қарори билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни экспорт қилишнинг амалдаги тартиблари белгилаб қўйилган. Аммо, мазкур тартибларга риоя қилмасдан халқимиз ризқига хиёнат қилаётган айрим “учар тадбиркор”лар юртимизда етиштирилган сара маҳсулотларни четга ноқонуний равишда олиб ўтиб, мўмай даромад орттиришга уринмоқдалар. Уларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатларига республикамиз божхоначилари томонидан ўз вақтида чек қўйилмоқда ва ноз-неъматлар элимиз дастурхонига қайтарилмоқда.

Яқинда Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона” чегара божхона пости ходимлари томонидан республикамиздан қўшни давлатга чиқиб кетаётган  юк автоулови божхона назоратидан ўтказиш натижасида 2,5 тн пиёз яширинча олиб кетилаётганлиги маълум бўлди.  Ушбу қишлоқ ҳўжалик маҳсулотига автоулов эгаси фуқаро М.Салиев экспорт қилиш ҳуқуқини берувчи биронта ҳам ҳужжатни божхоначиларга тақдим қила олмади.

Яна бир ҳолатда мазкур пост орқали ҳаракатланаётган автоулов божхона назоратидан ўтказилганида фуқаро Э.Рахмонов  оғирлиги салкам 500 кг бўлган   хар хил турдаги қишлоқ хужалиги маҳсулотларини  тегишли ҳужжатларсиз олиб ўтмоқчи бўлган пайтда тўхтатилди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Келес” темир йўл божхона пости ходимлари томонидан республикамиздан ҳорижга кетаётган йўловчи поездларини божхона назоратидан ўтказилганда, фуқаролар М.Одилхонов  ва О.Тошболтаев   божхона баённомасида қайд этилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган 100 кг.дан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари - лимонлар ҳамда кўкатлар борлиги маълум бўлди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки,  жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 181 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 991,1 млн сўм бўлган 944,4 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

    Бошқа янгиликлар