Ўзбекистон миллий терма жамоаси Уммонга қарши иккинчи ўртоқлик учрашувида ҳам имкониятни бой берди.
29 май, пайшанба куни Тошкентдаги «Жар» стадионида Ўзбекистон ва Уммон миллий терма жамоалари ўртасида халқаро ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. уч кун аввал, 27 май, сешанба куни ҳар иккала терма жамоа Олмалиқ шаҳрида тўқнаш келган ва унда Уммон миллий терма жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Иккинчи учрашувда ҳам омад ўзбекистонлик футболчиларга кулиб боқмади. Аксинча, учрашув биринчи бўлимида Ийд ал-Форсий томонида киритилган ягона гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Ўйин давомида Миржалол Қосимов шогирдлари Али ал-Ҳабсий қўриқлаётган дарвозани кўп бора нишонга олишганига қарамай, ҳисобни тенглаштириш уддасидан чиқа олишмади.
Уммон миллий терма жамоасига қарши иккинчи ўйин фахрий футболчилар – Максим Шацких, Улуғбек Бақоев ва Виктор Карпенко учун Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги сўнгги ўйин бўлди. Учрашув танаффуси вақтида ушбу футболчиларни тантанали равишда кузатиш маросими бўлиб ўтди.





