Ёшлар ижод саройида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, шаҳар прокуратураси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳудудий бўлими ҳамкорлигида “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси ҳамда бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Кўргазма-ярмаркага пойтахтимиздаги корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари, жорий йилда касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларини тамомлаётган ёшлар, ота-оналар, ўқитувчилар таклиф этилди, дея хабар беради ЎзА.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мунтазам тарзда ўтказилаётган “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси ва бўш иш ўринлари ярмаркасидан кўзланган мақсад ёшларни касбга йўналтириш, уларни корхона ва ташкилотлар, олий таълим масканлари, касбий қайта тайёрлаш, қўшимча таълим марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, бўш иш ўринлари ҳақида хабардор этишдан иборат.
Жорий ўқув йилида пойтахтимиздаги касб-ҳунар коллежларини 44,5 минг нафардан кўпроқ йигит-қиз битиради. Уларнинг муайян қисми олий таълим даргоҳида ўқишни давом эттириш истагини билдирган бўлса, бошқалари ихтисослиги бўйича корхона ва ташкилотларда ўз фаолиятини бошлайди.
Кўргазмада 80 га яқин корхона ва ташкилотдаги бўш иш ўринлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Айни пайтда 2183 корхона ва ташкилотдаги 13 минг 492 бўш иш ўрнининг электрон рўйхати, туманлардаги барча бандликка кўмаклашувчи марказларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш имконияти яратилди.
Кўргазмада пойтахтимиздаги олий ўқув юртлари, улардаги таълим йўналишлари билан ҳам танишиш имконияти яратилди.





