Гижжалардан сақланишнинг ягона йўли – бир кунда маълум дақиқаларни шахсий гигиена қоидаларига ажратиш ҳисобланади.
10 сония ичида сиз...
Мева-сабзавотлар тановулидан олдин уларни ювиб, қайноқ сувда чайишга улгурасиз. Айнан шу тавсия идиш-товоқлар, гўшт тўғралган пичоқ ва тахтачага ҳам тааллуқли.
3 дақиқа ичида сиз...
Жумрак олдига кичик чўткача турсин. Кичкинтойингиз сайрдан қайтиши, ҳожатхонадан чиқиши билан 2-3 ёшлигидан бошлаб, чўткачани обдон совунлаб, тирноқ атрофи, бармоқлар орасини худди шифокорлардек узоқ ва эринмай ишқалаб ювишга ўргатинг. Бу ишни ўйин тарзида олиб боринг. Кичик табиб “муолажаси”ни тугатгач, чўткачани қайноқ сувда чайиб жойига қўйинг. Унутманг, совун таркибидаги ишқорлар вирус, микроб ва гижжалар устидаги ҳимояловчи қобиқни эритиб парчалайди ва шу йўл билан бизни улардан ҳимоялайди.
15 дақиқа ичида сиз...
Хоналарни кунора нам латтада артишга улгурасиз.
20 дақиқа ичида сиз...
Кўкатларни 20 дақиқага сувга солиб қўйинг. Кейин жумрак тагида 3 марта яхшилаб чайиб, сўнг истеъмол қилинг.
3 кун ичида сиз...
Бу вақт оралиғида бир марта бўлса-да бола ўйнаган елим ўйинчоқларни идишга солиб, устига қайноқ сув қуйиб, 5 дақиқа ўрта оловда қайнатса бўлади.
1 ҳафта ичида сиз...
Идиш ювишда фойдаланадиган матони алмаштиришингиз лозим. Чунки ундан бу вақтдан кўп фойдаланиб бўлмайди. Акс ҳолда, зараркунандалар йиғиладиган жойга айланади.
Ҳар доим сиз...
боланинг кииймларини ювиб, офтобда қуритиб, ички кийимларига, албатта, дазмол босинг.






