— Ёшим ўттиз учда. Оила қурганимизга саккиз йил тўлди. Уч нафар фарзандимиз бор. Қайнота-қайнонамдан алоҳида яшаймиз. Турмуш ўртоғим бир куни қўнғироқ қилиб, «Бугун уйга боролмайман, қўрқсаларинг, қўшнинг болаларидан бирортасини чақирарсан» деди. Қўшнимизнинг йигирма ёшли ўғли чиққан эди, чой ичиб, телевизор кўриб тургандик, хўжайиним келди. «Мана, сен хиёнатчини тутиб олдим», деб уйдан жаҳл билан чиқиб кетдилар. Қайнотам «Бунақа хотин билан ажраш. Сенга онаси ўпмаган қиз олиб бераман», деб ўғилини уйлантириш пайига тушган. Ўзимни қандай оқлашни билмай бошим қотган. Маслаҳат беринг, оиламни қандай асраб қолай?..
Филология фанлари номзоди, журналист Муҳиба ҲАМИДОВА маслаҳат беради.
— Ёши қирққа етиб қолган, уч боласини хор қилиб қўйган кишига ким ҳам қизини берарди, она қизим, хотиржам бўлинг. Баъзи бир эркаклар хотинини азбаройи яхши кўрганидан мана шундай йўллар билан имтиҳон қилиб туришади. Хўжайинингиз сизни бир синовдан ўтказмоқчи бўлган, шекилли. Болаларингиз атрофингизда бўлса, бу қандай номаъқул гап бўлди.
Сизга маслаҳатимиз, турмуш ўртоғингиз билан ўтириб, масалани ойдинлаштириб олинг. Балки у кишини қийнаётган баъзи бир шубҳа гумонлар бўлиши мумкин. У кишининг кўнглидан ғуборларни чиқаришига ёрдам беринг. Ўринсиз рашк одамни адойи тамом қилади. Эр-хотин очиқчасига гаплашиб, тушунмовчилик оқибатида юзага келган нохушлик, хафагарчилик учун бир-бирингизни кечиринглар. Болалар олдида бу жуда уятли ҳолат. Қўни-қўшни олдида ҳам яхши гап бўлмабди. Одатда уч боланинг ота-онаси ҳаёт синовларидан ўтиб бўлган, бир-бирининг феъл-атворини билган ва қадрлайдиган садоқатли жуфти ҳалол бўлади. Гап қайнотагача борган экан, у кишининг ҳузурига бирга бориб вазиятни тушунтиринглар. Кексайган одамлар оилани барбод бўлишдан сақлашга ҳаракат қилишади. Улар болаларнинг уволи тутишидан қўрқишади. Асоссиз гапларга ишонишмайди ҳам. Сизларга ўзаро ишонч, оилавий тотувлик, фарзандлар камолотини тилаб қоламиз.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.






