Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида энг оммавий санъат бўлган эстрада санъати муаммоларига эътибор қаратди.
У ўз нутқида энг асосий камчилик сифатида соҳада ижод қилаётган аксарият ижрочилар фаолиятида талабчанлик ва масъулият, ижтимоий жараёнларга дахлдорлик туйғуси тобора пасайиб бораётганини қайд этди.
“Мен ўз тажрибамдан яхши биламан, катта байрамларимизни – бу Мустақиллик, Наврўз ёки Конституция байрами бўладими – уларни ўтказишда бизни энг қийнайдиган, хунобимизни чиқарадиган нарса – бу эстрада дастури эканини ҳаммангиз яхши биласиз. Минг афсуски, мана шу ҳолат ҳали ҳам барҳам топгани йўқ. Эстрада санъатидаги камчиликларнинг асосий сабаблари ҳеч кимга сир эмас. Кўпчилик қўшиқчилар масъулиятни унутиб, ўз устида ишламай қўйган, изланиш, маҳоратини ошириш, янги ижодий ғоялар билан яшаш, санъат дунёсига, мухлисларга ҳурмат каби тушунчалар уларга бегона бўлиб қолган, десак, қанчалик аччиқ бўлмасин, бу ҳам ҳақиқат. Шундай санъаткорлар ҳам борки, унвон олгунича тинимсиз елиб-югуради, ҳол-жонингизга қўймайди. Унвон олдими, тамом, сувга тушган тошдек жим бўлиб кетади. Улардан унвонга яраша, халқнинг эътиборига яраша ижод қани, деб сўраш ўринлими ёки йўқми? Ижодкорнинг талаби билан бирга бурчи ҳам бўлиши керак эмасми? Шу муносабат билан мусиқа санъати соҳасида фахрий унвонлар, авваламбор, “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” каби мукофотлар билан тақдирлаш масаласини, бу борада қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатларни танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш вақти келди, деб ўйлайман. Кўпчилигимиз яхши биламиз, илгари “Халқ артисти” деган унвон олиш учун санъаткор неча ўн йиллар самарали ижод қилиши талаб этиларди. Масалан, машҳур ҳофиз Таваккал Қодиров “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини олганидан кейин – шунга эътибор беринг – орадан 25 йил ўтиб, “Ўзбекистон халқ артисти” унвони билан тақдирланган эди. Яқин ўтмишдан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин."
Президент унвон беришда санъаткорнинг фақат тўртта қўшиғи эмас, унинг ижтимоий фаоллиги, муносиб шогирдлар тарбиялагани, эл-юрт ўртасидаги обрў-эътибори, энг муҳими, санъатга садоқати устувор мезон сифатида белгиланиши шарт эканлигини, унвонларнинг нуфузи ва обрўсини сақлаш лозимлигини айтди.
“Бизнинг халқимиз – санъатсевар халқ, ўзи севган, ёқтирган ижрочиларни нафақат телевизор ёки саҳнада, балки ўзининг яхши кунларида, тўй-ҳашамларида ҳам кўргиси келади. Буни ҳаммамиз тўғри тушунамиз. Минг афсуски, бугунги эстрада хонандаларининг аксарияти ҳали Янгийўлга, ҳали Шовотга, ҳали Янгиқўрғонга, ҳали Чироқчига тўйга қатнаш билан овора. Бошқа бирон масала билан иши йўқ. Албатта, санъаткорда ҳам оила, бола-чақа бор, уларнинг ҳам ҳаётий эҳтиёжлари бор. Буниям тўғри тушунамиз. Лекин ижодни пулга, мол-дунёга алмаштирган одамдан санъат шафқатсиз ўч олади. Охир-оқибатда ҳар қандай ёрқин истеъдод ҳам сўниб, эл-юрт назаридан қолади. Шу ўринда, яна бир масалага сизларнинг эътиборингизни қаратмоқчиман. Гап санъаткор одоби, уларнинг юриш-туриши, кийиниш маданияти, муомаласи билан бошқаларга, энг аввало, ёшларимизга ўрнак бўлиши зарурлиги ҳақида бормоқда. Хушовоз хонанда Санобар Раҳмонованинг бир пайтлар куйлаган дилбар қўшиқларини томошабинлар ҳозир ҳам соғиниб эслайдилар. Бу санъаткор телеэкранда ҳам, саҳнада ҳам иболи, ҳаёли, ҳақиқий ўзбек қизининг қиёфасини, чинакам образини яратиб, қанча-қанча қизларимизга ибрат бўлган эди. Афсуски, бугун телевидение орқали берилаётган баъзи клипларни оила, фарзандлар даврасида томоша қилиб бўлмай қолди. Ҳар бир ҳаракатида ғарбга тақлид сезилиб турадиган, очиқ-сочиқ кийинган ёшларни кўриб, наҳотки шулар ҳам бизнинг фарзандларимиз, бизнинг миллатимиз вакиллари бўлса, деб ўйлаб қоласан киши.”






