2017 йилнинг 3 июль куни Халқаро Пресс клубда янги тузилган Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи давлат ташкилотининг фаолиятига бағишланган “Ўзбекистонда ёшлар сиёсати: долзарб масалаларга замонавий ёндошув мавзуида” сессия бўлиб ўтди.
Анжуманнинг биринчи қисмида спикерлар сифатида янги тузилган Ёшлар Иттифоқи ташкилоти раиси Қаҳрамон Қуранбоев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири биринчи ўринбосари Набиев Дилмурод, Халқ таълими вазири биринчи ўринбосари Собитхон Тургунов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон ва Қорақпалпоғистон Республикаси халқ артисти Озодбек Назарбеков. Иккинчи қисмида эса Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Сунь Лицзе,Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Ерик Утембаевлар иштирок этди. Ушбу сессия Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ёшлар сиёсати масалалари сектори, янги тузилган Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Сессияда Ўзбекистонда ёшлар сиёсатига доир асосий масалалар муҳокама этилди. Шулар қаторида хорижий элчилар ўз мамлакатларидаги ёшлар масалаларидаги тажриба ҳақида фикр билдирдилар.
Жорий йилнинг 30 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV Қурултойида кўтарилган масалалар ҳам сессия давомида муҳокама этилди.
Ушбу Қурултойда ташкилотнинг бутун фаолияти таҳлилий-танқидий сарҳисоб қилинди. Ёшлар билан ишлашда эътиборни кучайтириш талаб этилаётган муҳим жиҳатлар, амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар таҳлил этилди. Энг асосийси, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ташкилотни тубдан ислоҳ қиши таклифи илгари сўрилди. Шу мақсадда, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати тўгатилиб, унинг ўрнида Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқини тузиш таклиф этилди.Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши раиси лавозимига эса Қаҳрамон Қуронбоев сайланди. Тугатилган Ҳаракатнинг асосий негизи бўлмиш умумтаълим мактаблари, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилотлари сони 15 579 та бўлиб, бугунги кунда улар 6млн.дан аъзоларни бирлаштирган эди.(4млн.дан зиёд “Камолот” 14-30 ёшдаги, 2 млн.дан зиёд“Камалак” 10-13 ёшдаги). Афсуски, рақамлар қанчалик жимжимадор бўлмасин, вақтҲаракатнинг фаолияти хозирги кун ва ёшларимиз талабига жавоб бермаслигини, ташкилотни эса тубдан ислоҳ қилиш лозимлигини кўрсатди.
Анжуманда, ўтган давр мобайнида (2001-2017) Ҳаракат томонидан ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда орзу-интилишларини рўёбга чиқариш юзасидан олиб борилган ишлар таҳлил этилиб, бу борада йўл қўйилган камчиликлар, янги ташкил этилган Ёшлар Иттифоқининг мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари ва келажакда амалга оширилиш лозим бўлган устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Янги ташкил этилган Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи олдида турган долзарб масалалар, шу жумладан, ёшлар муаммоларини ўрганиш, уюшмаган ёшларни ижобий муҳитга қайтариш, ёшларнинг маънавий тарбияси бўйича мақсадли амалий чораларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, ўзларини намоён этишлари учун ёшларга имкониятлар майдонини кенгайтириш, таълим соҳасидаги умуммиллий давлат дастурларининг ижросига кўмаклашиш, болаларнинг иқтидор ва қобилиятларини ривожлантириш ва энг асосийси, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи навқирон авлод орасига чуқур кириб борадиган муҳим институтга айланиши муҳокама этилди.






