Шаржадаги оилалардан бири бошпана берган 70 ёшли америкалик Алан Клейр Хаймс тез орада ватанига қайтиши мумкин. У билан 230 минг дирҳам (63 минг доллар атрофида) қарзи туфайли судлашган Абу-Даби универсал шифохонаси даъвосидан воз кечди. Бу ҳақда UAE Inside хабар берди.
Алан Клейр Хаймс Амирликларга 2015 йил январида шериги билан янги лойиҳа бошлаш учун келганди. Лойиҳа муваффақиятсиз бўлиб чиқди ва у бор-будидан айрилди.
Саломатлигида муаммолар юзага келган Алан Абу-Даби шифохонага ётди ва катта миқдорда қарз бўлиб қолди. Харажатларни қоплаш учун ишга жойлашишга ҳаракат қилди, бироқ кексалиги панд берди.
«Биз унга бизнес-шериги ҳисоб-китоб қилиши ҳақида ишонтирилганидан сўнг рухсат бергандик. Шундан сўнг жаноб Хаймсдан бир йилдан ортиқ вақт дом-дарак бўлмади. Муқаддас Мария католик черкови мижозимизнинг оғир аҳволи ҳақидаги мурожаат билан чиққач, унга ёрдам қўлини чўзишга қарор қилдик», — дейди шифохона ижрочи директори Шабер Нелликоду.
Шифохона қарзидан кечганидан сўнг Алан Хаймс энди ватанига қайтиши мумкин. Шифохона раҳбарияти унинг АҚШга парвоз харажатларини ҳам қоплаб беришни ваъда қилди.






