“Миллар” информацион дастурида маълум қилинишича, марҳум бола онаси билан Ангрен шаҳридаги маҳаллалардан бирида ижарада яшаб келган. Айтилишича, бола мактабдан уйига қайтаётган вақтда дайди итлар унга ташланган.
Маҳаллада яшовчиларнинг сўзларига кўра, ҳудудда анча вақтдан бери дайди итлар муаммоси мавжуд бўлиб, айниқса мактабдан қайтаётган болаларга ҳужум қилиш ҳолатлари кузатилган.
Маълумотларга кўра, бола ит тишлаши оқибатида ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Унинг онаси ишда бўлган, отаси эса Россияда ишлаётгани айтилмоқда.
Ангрен шаҳар “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини раисига кўра, оила мазкур ҳудудда вақтинча яшаб келган бўлиб, асли Бекобод туманидан бўлган. Унинг билдиришича, маҳаллада дайди итлар масаласи юзасидан аввал ҳам мурожаатлар бўлган ва бу ҳолат шаҳар ҳокими ҳамда масъуллар томонидан назоратга олинган.
Шунингдек, маҳалла раиси марҳум боланинг оиласига ҳамдардлик билдирган.






