Кеча, 29 апрель куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида "Golden Valley Marathon" халқаро марафони ўтказилди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.
Тадбир Маданият ва туризм вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди. Халқаро марафонда профессионал югурувчилар билан минглаб ҳаваскорлар ҳам иштирок этишди.
Иштирокчилар орасида айнан ушбу марафонда қатнашиш истагида 10 дан ортиқ хорижий мамлакатлардан 200 дан ортиқ спортсеварлар Қўқонга ташриф буюришди. Шунингдек, марафонда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ҳамда маҳаллий қўқонликлар сони ҳам минг нафардан ортиб кетди.
"Мамлакатимизнинг бой тарихга эга бўлган гўзал гўшаларидан бири бўлмиш Қўқон шаҳрида мана шундай тадбирларни ўтказиш нафақат спортга бўлган меҳримизни кучайтиради, балки хорижий ва маҳаллий туристларнинг бу шаҳарга бўлган қизиқишларини ҳам оширади.
Биз имкон борича бу каби халқаро даражадаги тадбирларни кўпайтириш, унда иштирокчилар географиясини кенгроқ қамраб олиш устида ишлаяпмиз. Бугун марафон туфайли илк бор Қўқонга келган сайёҳлар, албатта, бу шаҳарга оилавий ёки дўстлари билан яна бир бор келиш истагида бўлишади. Чунки бу ердаги қадимий қадамжолар уларни бир неча маротаба бу ерда бўлишга ундай олади", дейди Маданият ва туризм вазирлиги бошқарма бошлиғи Заррина Абдуллаева.
Халқаро марафон доирасида югурувчилар эркаклар ва аёллар тоифасида икки хил масофада: 2 км ва 5 км масофаларда ўз омадларини синовдан ўтказдилар. Унинг якунида ғолиб ва совриндор бўлганлар пул мукофотлари, эсдалик совғалари, статуэткалар ва махсус дипломлар билан тақдирланишди.






