АсосийJamiyat

Ортиқхўжаев Учтепа туман ҳокимига ҳайфсан берди

'Ортиқхўжаев Учтепа туман ҳокимига ҳайфсан берди'ning rasmi

Куни кеча Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида Учтепа тумани ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати маълум қилди. Қайд этилишича, йиғилишда сектор раҳбарлари, шаҳар ҳокими ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар масъуллари иштирок этишган ва Ишчи гуруҳ томонидан Учтепа туманида аниқланган хато ва камчиликларга жиддий баҳо берилган. 

Ортиқхўжаев кўпгина соҳаларда баъзи масъулларнинг ўз вазифасига лоқайд, масъулиятсизлик, юзаки ёндашиш ҳолатлари ҳамон мавжуд эканлигини кескин танқид остига олган.  

Хусусан, мактаблар, жумладан, синфлардаги давомат, таълим сифати, битирувчиларнинг олий ўқув юртларига киришидаги паст кўрсаткичлар, шунингдек, мактабгача таълим, қурилиш, маҳаллалардаги тозалик, кичик корхоналардаги иш шароитининг талабга жавоб бермаслиги,  кўчат экиш жараёнидаги юзакичилик, чиқиндиларни вақтида олиб чиқиб кетилмаслиги таъкидланган.  

Маълумотга кўра, ишда йўл қўйган камчиликлари учун туман ҳокимининг ўринбосарлари Н. Исматов, Л. Алманов, мактабгача таълим бўлими бошлиғи Н. Хантўраева, халқ таълими бўлими бошлиғи Ў. Қурбонов ҳамда туризм ва спорт  бўлими бошлиғи Б. Насибалиев лавозимидан озод этилган. Учтепа тумани ҳокимига эса ҳайфсан берилган. 

Йиғилиш якунида мутасаддиларга ўз фаолятини жиддий кўриб чиқиш, танқидлардан тегишли хулосалар чиқариш, ишда ижобий ўзгаришлар қилиш вазифаси юклатилган.  

Шунингдек, ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, келгусида шунга ўхшаш камчиликлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган тизимли ишларни ташкил этиш вазифаси топширилган.

    Бошқа янгиликлар