1

Яйра Абдуллаева сеҳрланган болалик, жангоҳдаги рақс ва армонларсиз кечаётган ҳаёт ҳақида

ЖАМИЯТ 08.05.2018, 14:33
Яйра Абдуллаева сеҳрланган болалик, жангоҳдаги рақс ва армонларсиз кечаётган ҳаёт ҳақида

Хотира ва қадрлаш оддий сўзлар эмас. Бу жумла замирида Ватанни ҳимоя қилиш йўлида ўлимга тик борган жасорат эгаларининг тақдири ётади. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш даҳшатларини ўз кўзи билан кўрган Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева ҳақида ёзишни жоиз топдик. Зеро бу устоз санъаткорнинг босиб ўтган умри, ижоддаги ёрқин излари ёзишга арзийди.

Илк танишув ва ҳаяжон

Қаршингиздаги инсонга қараганингизда биринчи унинг кўзлари эътиборингизни тортади. Нигоҳига қараб эса қалб ҳолатини билиш қийин эмас. Бугун Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева ҳақида ёзаркан, ҳаётнинг аччиқ-чучуги, қийинчилик ва тўсиқларга қарамай у ҳеч қачон иродасини синдирмаганини, меҳнат қилишни билган, мард аёл эканини алоҳида таъкидлаб ўтмасдан иложим йўқ.

Ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг, санъатшунослик бўлими талабаси эдим. Театрга амалиёт ўташга борганимда Аввалари фақат экранларда кўришга одатланган Яйра опани қаршимда кўриб, давдираб қолганим ҳалигача эсимда. Ўшанда, актриса ўзининг севимли спектаклларидан бири «Дарахтлар тик туриб жон берар» асарининг репетициясига келган экан. Театр фаолияти, спектаклларнинг саҳналаштирилишини, ўрганиш вазифаси билан юриб, кутилмаганда Яйра Абдуллаевани учратганимдан роса ҳаяжонланганман. Бир кунда нечи маротаба кўрсам ҳам, «Ассалому алайкум, ая», деб сўрашаверардим. Буни сезган актриса «Қизим, бугун мен билан тўртинчи бор сўрашишинг. Амалиётга келганмисан? Қайси йўналишда ўқийсан?» дея сўз бошлади. Гапларида қатъиятлик ортидаги меҳрни сезганимдан сўнг аввалги ҳаяжон ўз-ўзидан йўқолган...

Ёлғончи қизалоқ

Яйра Абдуллаева ўзини энг бахтли актрисалар сафида, деб билади. Дадаси Умаржон Абдуллаев, онаси Лиза Петросовалар санъаткор эди. Холалари Тамарахоним ва Гавҳар Раҳимоваларни ўзбек рақс санъатига катта ҳисса қўшган инсонлар сифатида яхши таниймиз. Актриса ҳақиқий санъаткорлар қўлида вояга етгани учун болаликдан санъатнинг сеҳрига «бемор» бўлиб улгурган.

«Болалигимда жуда кўп ёлғон гапирардим. Турли воқеаларни ўйлаб топиш ва уни ҳаётга реаллаштириб одамларни ишонтириш ёқарди. Іозир ўйлаб қарасам, буларнинг барчаси бошқа бир қиёфага киришнинг асоси бўлган экан. Касб нуқтаи назаридан қараганда артистизм дейилади», дейди актрисанинг ўзи. Бу оилани санъат муҳити ва мусиқасиз тасаввур қилиш қийин бўлса керак. Верди, Чайковский, Лян Кавалони ва албатта, ўзбек мумтоз мусиқаларини эшитиб катта бўлган актриса болаликдаги шўхликларини қуйидагича эслайди. «Жуда шўх бўлганман. Холам Тамархоним ишга кетишини кутиб турардик. Кетгандан кейин унинг саҳна либосларини олиб, турли қиёфаларга кирган ҳолда ўзимизча спектакл ва концертлар қўярдик». Яйра Абдуллаева болалигидан санъаткор бўлиши аниқ эди. Бунга ота-онаси ҳам қаршилик қилмаган. Қизининг келажаги ҳақида қайғурган она эса унга доим «Сен одамлар учун, томошабинлар учун яшашинг керак. Сенинг ҳар бир қадамингни одамлар кузатади, уни ўйлаб бос, ўйлаб гапир, бетгачопар бўлма», дея таъкидлаган.

Қора кунлар хотираси

1944 йил, урушнинг энг оғир пайтида актриса 14 ёшда эди.

— Фронтга жўнатиш учун Филармонияда 19 та бригада тузилганди. Улар орасида Тамарахоним ва Гавҳар Раҳимова раҳбарлигидаги хотин-қизлар ансамбли ҳам бор. Онам Лиза ансамблда ҳам балетмейстр, ҳам раққоса эди. Бувимнинг қарамоғида эдим, лекин у киши шифохонага тушиб қолган. Натижада битта ўзим қолиб кетганман. Шунда холаларим Тамарахоним, Гавҳар Раҳимова «Бир ўзини қолдирмайлик», деб мени ҳам фронтга олиб кетишганди.

Шундай қилиб Яйра Абдуллаева уруш бўлаётган деярли барча ерни кезиб чиққан. Госпиталларда нафақат концерт берган, соғлиқ ва тозаликни сақлаш тадбир-чораларида ҳам иштирок этган

— Госпиталдаги битта вагонда кир ювиш хонаси бўларди. Қонга беланган бинтларни ювардим, ярадор аскарларнинг тирноқларини олардим. Уруш нималигини госпиталга кирганда билар экан киши. Польшага борганимизда бир отхонада саҳна ўрнида супача қурилганди. Атрофда чамаси 400 тача одам сиғадиган жой бор эди. Отхона бўлгани учун аскарлар ерга сомон тўшаб, концерт томоша қилганди. 17 соат тинмай тик оёқда 3 мингта аскарга битта дастурни қайта-қайта қўяверардик. Улар «Онажонлар, опа-сингилларим, сизларни юзингизга боқиб, Ўзбекистонни кўргандек бўляпмиз!» деб қувонишарди. Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилованинг оёғи шишиб кетгани ҳам кўз олдимда. Аскарлар кетишидан аввал «Сингилларим, биз ғалаба билан қайтамиз!» дея айтишарди.

Болаликнинг ширин дамларини «Юртмиз тинч бўлсин, ҳаловатда яшагимиз келяпти», деган ўй, орзу билан ўтказганмиз, даҳшатли кунларни кўрган Яйра Абдуллаева учун доим тинч ҳаётнинг қадри ҳамма нарсадан устун бўлган.

Театр ва катта ҳаёт

1945 йил урушдан кейинги оғир шароитга қарамай, Яйра Абдуллаева ҳаётининг яна бир муҳим саҳифаси очилди. Ўша пайтларда қизларнинг санъаткор бўлишига ота-оналари рухсат бермай, бу касбни ҳамма ҳам ҳазм қилолмайдиган шароит эди. Шундй бюир пайтда актёрлар, танқидчилар ва режиссёрларни тайёрлайдиган институт очилиши ҳақида қарор чиқади. Оила давраисда Яйра Абдуллава шу олий ўқув юртида ўқиш ҳақида гап кетади. Холаси Гавҳар опа билан институт ректори ёнига кирганда эса у аввал мактабни битириши кераклиги ҳақидаги айтишган. Ва у тайёрлов бўлимига ўқишга қабул қилинади. Кундузи олийгоҳда, кечқурун эса мактабда ўқиб, икки ярим йилдан сўнг ўрта мактаб атестатини қўлга олган. Актриса ўша вақтлардаги барча бўш вақтини талабалар билан биргаликда оммавий саҳналарда иштирок этиш билан ўтказарди. Унинг ёш ва ёрқин қиёфасида жозиба ва ички жўшқинликни пайқаган санъаткорлар меҳнаткашлигини инобатга олиб Эркли Маликова иккисини 1947 йил театрга синовга таклиф этишган. Актирсанинг профессионал саҳналардаги илк роли «Дон Жуан» спектаклидаги Дона Анна роли бўлган.

Севимли актрисамиз, 19 ёшида олий маълумотли бўлиб театрга ишга ўтади. Ҳаётида янги босқич бошланди. Шахсий ҳаёт. Яйра опа бўлажак турмуш ўртоғи ҳусан Насимов билан Тамарахонимнинг юбелейида танишган. «Таклиф этилган меҳмонлар орасида ҳушрўй бир офицер ҳам бор эди. Гавҳар холам бизни таништирган. Мени узатиш истагида юрган онам ва холамнинг ниятлари кутилгандек бўлди. Тўй қилдик, келин бўлдим...» деб эслайди актриса ўша дамларни.

Рақосса, актриса, ўқитувчи...

Яйра Абдуллаева турмуш ўртоғининг ҳарбий фаолияти туфайли Деҳқонободга кетгандан сўнг 4–9 синф ўқитувчиларига дарс бера бошлаган. Унинг ўзи бу ҳақда «Адабиётни-ку маза қилиб ўтардим. Бадиий асарларни ўқиб берганимда эса ҳамма жим эшитарди. Аммо она тили мураккаб эди. Ўзим ҳам хусниҳат ва граматикани ўрганишга киришдим. Синфхоналарга киришдан олдин ҳаяжонлансам ҳам, ўзимга ишим ёққани учун мароқ билан дарс ўтардим», дейди. Бироқ актрисанинг турмуш ўртоғи унинг фаолиятини, уйдан кўчага чиқишларини ёқламади. Турли келишмовчилик ва жанжаллар оқибатида муҳаббатсиз барпо бўлган оила бир ярим йилдан кейин бузилди. Актриса қизи Анора билан Тошкентга келиб, театрга ишга қайтди.


Иккинчи танлов

Узоқ йиллик фаолияти давомида Яйра Абдуллаева энг олди спектаклларнинг қаҳрамонларига айланди. «Йўлчи юлдуз»да, содда, қувноқ ва кўнгилчанг қиз, «Момақалдироқ» спектаклида исёнкор Катрина, «Холисхон»да хушфеъл, севгисига садоқатли Холисхон ва «Алишер Навоий» спектаклида Гули образларни гавдалантирган. Ана шундай ижоди қайнаган бир пайтда шахсий ҳаётида ҳам ўзгаришлар бошланган. Ииккинчи бор Маир исмли озербайжонлик йигитга турмушга чиқади. «Танловим онамга ёқмаган. Аммо биринчи гал уларга қулоқ тутгандим. Бунисида қалбимга қулоқ тутаман, дедим», дейди Яйра ая. Иккинчи турмушидан ўғли Таймур туғилган. Турли ҳаётий ташвишлар туфайли Бакуга бориб, яна театрга қайтиб келган. «Турмуш ўртоғим Бакуга бориб келиб юрарди. Ўғлимни ўзи билан олиб кетар, ҳатто баъзида бундан ўзим бехабар қолардим. Боласини қаерда эканини билмаган онанинг ҳолатини тасаввур этяпсизми? Онам «Бундай шароитда яшаш қийин. Сизлар учун бола чамадондек бўлиб қолди. Баку-Тошкент орасида бундай сарсон юриши яхшилик билан тугамайди» деган гапларининг ҳақиқатлигини тан олиб, ажрашдим... Ва энди бошқа қайтиб оила қурмасликка қарор қилганман», дея эслайди актриса. У қолган ҳаётини санъат, театр ва ижодга бағишлади...

«Армонларсиз яшаяпман...»

Ўзбекистон халқ артисти, «Дўстлик» ордини соҳибаси бир хил образларни ётирмайди. У учун саҳнада турли қарама-қаршиликларда ўзининг инсоний жиҳатларини намоён эта оладиган мураккаб қиёфаларни гавдалантириш зарур. «Оғриқ тишлар», «Куёв», «Жонимни ол, жонгинам» каби спектаклларидаги комедик характерни ҳам маҳорат билан кўрсатиб берганини унутмаслик керак.

Халқимизнинг севимли актрисаси Яйра Абдуллаева Миллий театр саҳнасида, «Мирзо Улуғбек» асарида Гавҳаршодбегимни ҳам матонат ва маҳорат билан гавдалантирди.

Актриса ўзининг босиб ўтган ҳаётини кўз олдидан ўтказар экан, армонларсиз яшаганини алоҳида тилга олади. Чунки фарзандлари, ширингина неваралари, яқинлари ёнида, уларнинг ҳурмат-у эъзозида умр кечиряпти...

Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1