«Наврўз» давлат қабуллар уйида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирига Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан турли соҳаларда меҳнат қилаётган илғор аёллар таклиф этилди.
Байрам иштирокчилари Мустақиллик ва эзгулик монументи – Бахтиёр она ҳайкали пойига гуллар қўйди. Пойтахтимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Ўзбек Миллий академик драма театрида “Иймон” спектаклини томоша қилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев тадбирда иштирок этиб, мамлакатимиз хотин-қизларини ушбу айём билан табриклади.
Давлатимиз раҳбари адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият, спорт соҳаларида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган 15 қизга ана шу юксак мукофотларни тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, қобилият ва интилишларини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Байрам санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.