1

​Ўзбекистон делегацияси Мирзо Улуғбекнинг Францияда сақланаётган китоби билан танишди

МАДАНИЯТ 23.09.2019, 23:08
​Ўзбекистон делегацияси  Мирзо Улуғбекнинг Францияда сақланаётган китоби билан танишди

19 сентябрда Парижда бўлиб ўтган “Янгиланаётган Ўзбекистон: нодир маданий ташаббуслар” медиаивенти доирасида «Моварауннахрнинг иллюстрацияли қўлёзмалари француз жамланмаларида” китоб-альбомлари тақдимоти бўлиб ўтди. Бу китоблар муаллифлиги қўлёзма меросни ўрганиш бўйича йирик мутахассис, доктор Франсис Ришарга тегишлидир.

Мазкур жамланманинг ноёб жавоҳирларидан бири Франциянинг Миллий кутубхонасида 1891 йилдан буён сақланаётган «Сувар ал-Кавакиб ал-сабита» ("Қўзғалмас юлдузлар тасвири") трактати ҳисобланади.

Ушбу китоб 1430–1440 йилларда унинг машҳур Расадхонаси қурилаётган бир вақтда Самарқанд шаҳрида Улуғбекнинг шахсий кутубхонаси учун тайёрланган.

Париждаги Ўзбекистон элчихонаси делегацияси ҳамда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси раҳбарияти Париж миллий кутубхонасига ташриф қилишганида мазкур китоб билан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Бу китоб Миро Улуғбек кутубхонаси учун тахминан 1435 йилда жимжимадор араб имлосида кўчирилган. Саҳифалардан бирида ёзилган жумлаларда айтилишича: “Ушбу тасвирлар буюк султон ва олийнасаб ҳоқон, барча туркий ва форсий ҳукмдорларнинг соҳибқирони, султон Улуғбек Курагоний (Яратган Оллоҳ унинг салтанатини боқий қилсин) кутубхонаси учун бажарилган...”

Улуғбек тарихда нафақат буюк ҳукмдор, балки ажойиб олим, шоир, каллиграф, рассом ва ёзувчилар ҳимоячиси сифатида ном қозонган. Тилга олинган қўлёзма унинг илм-фанга бўлган эътиборидан яна бир намунадир. Қўлёзманинг биринчи саҳифасида Улуғбекнинг ўз қўли билан битилган каллиграфик хатчўп ҳам сақланиб қолган.

Китобга 74 та миниатюра ҳам илова қилинган бўлиб, улар юксак тасвирий маҳорат билан акс эттирилган. Суратларнинг нафислиги, улардаги майда ва мураккаб деталлар одамни ҳайратга солади. Ҳар бир расм алоҳида юлдуз туркумини ўзида акс эттирган. Улардан бирида Эфиопиянинг афсонавий ҳукмдори Цефей тимсолида Улуғбек қиёфаси намоён бўлади.

Ҳукмдорларни афсонавий тимсоллар кўринишида акс этириш ўша даврда анъанага айланган эди.

Қачонлардир Мирзо Улуғбекнинг қўли теккан қўлёзма Ўзбекистон делегациясида катта қизиқиш уйғотди.

“Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳасининг раҳбари Ф.Абдуҳолиқов ўз ташрифи якунида кутубхона раҳбарияти билан “Ўзбекистоннинг 100 буюк қўлёзмаси” лойиҳаси доирасида инсониятнинг нодир маданиятининг ёдгорлиги бўлган ушбу китобнинг факсимиле нусҳасини олиш борасида келишувга эришди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1