1

25 сентябрь-1 октябрь кунлари Қашқадарёда биринчи халқаро анор фестивали ўтказилади

МАДАНИЯТ 22.09.2019, 15:38
25 сентябрь-1 октябрь кунлари Қашқадарёда биринчи халқаро анор фестивали ўтказилади

25 сентябрь – 1 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги «Варганза» қишлоғида биринчи халқаро анор фестивали бўлиб ўтади.

Мазкур фестивалга 15 та хорижий мамлакатдан меҳмонлар келиши кутилмоқда.

Фестиваль ташкилотчилари Халқаро анор фестивали доирасида аукцион савдосини ташкил этишни мақсад қилишмоқда. «Варганза» қишлоғидаги анор дарахтларидан энг катта анорларни танлаб олиб, улар аукцион бозорида сотилади. Аукцион савдода «Варганза» қишлоғида тадбиркорлардан ташқари хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этади. Энг қизиғи, аукционда сотилган анор пули фестиваль сўнгида ушбу қишлоқда дунёга келган биринчи чақалоққа берилади. Ва ҳар йили ушбу анъанани давом эттиришни мўлжалланган.

Айтишларича, ушбу қишлоқнинг ўзида анор экспорти билан шуғулланувчи 30 нафар тадбиркор фаолият юритади.

«Варганза» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зиёдулла Мирзаевнинг маълумот беришича, айни пайтда қишлоқда 1000 гектар майдонда анор мавжуд бўлса, шундан 350 гектари фермер ва деҳқон хўжалиги эгаларига тегишли. Қолгани ушбу қишлоқда яшовчи аҳоли томорқасида экилган.

Маълум қилишларича, 2018 йил фақатгина «Варганза» қишлоғининг ўзидан хорижга 2000 тонна анор экспорт қилинган. Варганза анорларининг асосий харидорлари Россия ва Жанубий Корея ҳисобланади. Хорижга сотилган анорларнинг килосига 2 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўланган.

— Насиб этса 2019 йил хорижга қишлоғимизнинг ўзидан 5000 тонна анор экспорт қилишни мақсад қилганмиз, — дейди Зиёдулла Мирзаев. — Жорий йилги харидорларимиз ичида Япония давлати ҳам бор.

Маълумот ўрнида: Варганза қишлоғида айни кунда 3470 та хонадон мавжуд бўлиб, 20 минг аҳоли истиқомат қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1