1

Табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга рухсат берилди

ЖАМИЯТ 22.09.2019, 14:38
Табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга рухсат берилди

Кўплаб абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари мурожаатларини инобатга олиб, олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун топширган тест синовлари натижаси бўйича танловда иштирок этиб, талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларга, рўйхатдан ўтиш мобайнида танлаган иккинчи ёки учинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга рухсат берилди.

Бунда, олий таълим муассасалари томонидан талабаликка қабул қилиш, танлов бўйича биринчи бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинган тест синовлари натижаларига кўра, абитуриентларнинг тўплаган балини асос сифатида қабул қилиб, мурожаат этган абитуриентларнинг аризаларига мувофиқ, тўплаган баллари қатъий кетма-кетлигига риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги шунингдек, супер-контрактлар ҳақида қўшимча расмий маълумотларни ҳам эълон қилди.

2019/2020 ўқув йили қабулида кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт доирасидаги қабул параметрлари чегарасига 4 баллдан ортиқ етмаган, 56,7 баллдан кам бўлмаган ҳолда, қўшимча равишда ўқиш истагини билдирган абитуриентларнинг биринчи ўқув йили учун амалда ўрнатилган миқдорга нисбатан табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорлари тасдиқланган.

Бунда, 2019/2020 ўқув йили учун:

- табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари бакалавриат таълим йўналишлари бўйича белгиланган стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига нисбатан ҳисобланиши;

- тўловчиларнинг ўз хоҳишига кўра стипендияли тўловлар, яъни, табақалаштирилган тўлов-контракт суммасига (бир ўқув йили учун 4800,0 минг сум) қўшимча тўланиши;

- табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари ойларга бўлиб тўланганда ҳам, ўқув йилининг биринчи ярми учун камида 50 фоизи жорий йилнинг 1 ноябридан ҳамда иккинчи ярми учун 2020 йилнинг 1 мартидан кечиктирмай тўланиши белгиланган.

Тўплаган баллари 56,7 баллдан кам бўлмаган ва асосий қабул чегараларига 4 баллгача етмаган абитуриентлар учун белгиланган тартибда тўлов-контракт миқдорларини белгилаш ва тўлаш учун ҳам жорий этилади.

Эслатиб ўтамиз, кириш чизиғига 4 баллгача етмаганлар табақалаштирилган контрактни қуйидаги миқдорда тўлашади:

1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар;

1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун - 2,0 баробар;

2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар;

3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар.

Тўплаган бали кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмаган, лекин 56,7 дан кўп балл тўплаган абитуриентлар учун контракт тўлов миқдорлари ўтган йилгидан деярли ўзгармаган. Энг кўп тўлов юриспруденция йўналишида бўлиб, 25 баробар, яъни 229 млн 184 минг сўмдир. Кейинги ўринда тиббиёт йўналиши, бунда 20 баробар, яъни 170 млн 649 минг сўм тўланиши қайд этилган. Бошқа йўналишларда 10 ва 15 баробар миқдорда белгиланган бўлиб, ушбу нархлар минимал миқдор ҳисобланади.

Жорий йилдан бошлаб ОТМлар супер-контракт нархини ўзи мустақил белгилайди, фақат асосий шарти минимал миқдордан кам бўлмаслиги керак.

Маълумот учун, 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриатига тўлов- контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун тўлов ҳақини ўтказиш ҳамда талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштиришнинг сўнгги муддати 2019 йилнинг 15 октябри этиб белгиланди.

Тўлов-контракт асосида таълим олаётган юқори курс талабалари учун контракт тўловларини амалга ошириш муддатлари олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан узайтирилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1