1

Россия корхонаси Тошкент метроси учун 5 та поезд жўнатди

ЖАМИЯТ 20.09.2019, 11:36
Россия корхонаси Тошкент метроси учун 5 та поезд жўнатди

Россиянинг «Трансмашхолдинг» компанияси таркибига кирувчи «Метровагонмаш» АЖ Тошкент метрополитени учун 81-765.5/766.5/767.5 моделидаги 5 та поезд таркибини жўнатди. Бу ҳақда «Трансмашхолдинг» матбуот хизмати хабар берди.

Поездларни тантанали жўнатилиши маросимида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов, «Тошкент метрополитени» корхонаси раҳбари Ойбек Худойқулов, Россия «Ташқи савдо банки» бош бошқарув директори Игора Шабанов, «Метровагонмаш» бош директори Борис Богатирев иштирок этди.

Поездларни Тошкент метросига етказиш бўйича шартнома 2018 йилнинг октябрида имзоланган эди. Ҳар бир поезд 4 та: иккита бош моторли, битта оралиқ моторли, битта оралиқ моторсиз вагондан ташкил топган. Вагонларнинг ишлаш муддати 30 йилни ташкил қилади. Поездлар ишлаб чиқарилган завод Тошкент метросини ушбу сериядаги метро вагонларига техник хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва материаллар билан таъминлайди ва хизмат кўрсатувчи ходимларга маслаҳатлар беради.

Таъкидланишича, Тошкент метроси учун мўлжалланган янги поездлар вагонларида бир қатор технологик инновациялар амалга оширилган. Жумладан, вагонлар очиқ ўтиш жойи, аввалги моделларга қараганда кенгроқ эшиклар (1,4 метр) ҳамда эшиклар очилиб-ёпилишидан огоҳлантирувчи ёруғлик тизимига эга. Янги авлоддаги вагонлар учун шовқинни ютувчи ғилдираклар ишлаб чиқилган. Вагонларни йиғишда экологик тоза материаллардан фойдаланилган. Улар ичида шовқин ва иссиқликдан ишончли ҳимоя таъминланган. Бош вагонларда ногиронлар араваси учун жойлар кўзда тутилган. Салонларда шамоллатиш, ҳавони совитиш ва зарарсизлантириш тизимлари ўрнатилган.

Ушбу моделдаги вагонлар 2017 йил бошидан Москва метроси учун «Москва» номи билан ишлаб чиқарилган эди. Тошкент метроси учун эса буюртмачи талабларига мувофиқ янгиланган модификациядаги таркиблар ишлаб чиқилди.

Тошкент метрополитени ва «Метровагонмаш»ни узоқ йиллик ўзаро манфаатли ҳамкорлик бирлаштиради. Корхона томонидан Тошкент метроси учун 197- йилда 20 дан ортиқ поезд етказиб берилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1