1

Алишер Шадманов ЖССТ Европа минтақавий қўмитасининг 69-сессиясида сўзга чиқди

ЖАМИЯТ 20.09.2019, 11:27
Алишер Шадманов ЖССТ Европа минтақавий қўмитасининг 69-сессиясида сўзга чиқди

Дания пойтахти Копенгаген шаҳрида жорий йил 16-19 сентябрь кунлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий қўмитасининг 69-сессияси бўлиб ўтди. Унда ЖССТнинг Европа минтақасидаги 53 та аъзо давлатдан 500 дан зиёд нуфузли вакиллар ва соғлиқни сақлаш вазирлари, ҳамкор ташкилотлар ва фуқаролик жамиятлари вакиллари қатори Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашди.

Тадбирда асосий эътибор тиббиёт соҳасидаги кенг қамровли масалалар, шу жумладан, 2030 йилгача барқарор ривожланиш дастурини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни муҳокама қилишга қаратилди. Жумладан, сўнгги йилларда дунёда соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган ютуқлар таҳлил қилиниб, минтақада аҳоли саломатлигини янада яхшилаш борасида янги стратегиялар ишлаб чиқиш тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Аввал хабар қилганимиздек, тадбир доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Гебрейесус билан учрашди. Ўзаро мулоқотда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. ЖССТ Бош директори Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича танланган стратегияси ва тажрибасини юқори баҳолади. Сессия жараёнида белгиялик 50 ёшли мутахассис Ханс Клюге олти нафар номзод орасидан Европа минтақавий бюросининг янги директори этиб сайланди.

Сессия доирасида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Ўзбекистонда “Саломатлик – 2020” дастурини амалга оширишда тўпланган тажрибаларга бағишланган муҳокамаларда иштирок этди ва унда мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, бундан уч йил аввал Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлиги сабабли соҳада чуқур ислоҳотлар ўтказиш зарур бўлди. Шунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва ташаббуси билан соҳани ислоҳ қилишга киришилди.

— Бунда, аввало, очиқлик сиёсатидан бошлаб, мамлакатимиз тарихида бўлмаган парламент ва жамоатчилик назорати механизмлари ишлаб чиқилди. Соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, 30 дан ортиқ ривожланган давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш тажрибаси ўрганилди, — дейди, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов. — Шундан сўнггина тиббиёт соҳасини ривожлантиришга қаратилган Концепция ишлаб чиқилди. Бу жараёнда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг нуфузли экспертлари ва мутахассисларининг қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Вазир, шунингдек, ушбу Концепцияни амалда татбиқ қилиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилаётганига эътибор қаратди. Бунинг учун 10 та идоралараро гуруҳлар ташкил қилинди. Унга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирликлар вакиллари киритилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий қўмитасининг 69-сессиясида янги стратегияларни ўзида акс этган кўплаб қарорлар қабул қилинди. Унга кўра, минтақада соғлиқни сақлаш кўрсаткичларини янада яхшилаш юзасидан келгусидаги фаолият учун кўплаб вазифалар белгилаб олинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1