1

1 октябрдан бошлаб Қувасой шаҳрида 184 та тадбиркорлик субъектлари ҚҚС тўловчи бўлади

ЖАМИЯТ 18.09.2019, 20:59
1 октябрдан бошлаб Қувасой шаҳрида 184 та тадбиркорлик субъектлари ҚҚС тўловчи бўлади

2019 йилнинг июнь ойига қадар Қувасой шаҳрида ҚҚС тўловчилар сони 87 та бўлган бўлса, мамлакатимиз солиқ тизимига киритилаётган ўзгаришлар сабаб уларнинг сони 184 тага етиши кутиляпти.

Бу ҳақида жорий йилнинг 18 сентябрь куни Қувасой шаҳар Давлат солиқ инспекцияси томонидан Қувасой шаҳар ҳокимлиги катта мажлислар залида ташкил этилган семинарда батафсил ахборот берилди.

Тадбирда Қувасой шаҳридаги давлат идоралари раҳбар ва масъул ходимлари, фермер хўжаликлари, бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғи қуйиш шаҳобчалари вакиллари, товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари иштирок этдилар.

Республикамизда олиб борилаётган солиқ ислоҳотлари, хусусан, янги таҳрирдаги Солиқ кодексига кўра киритилаётган ўзгаришлар, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПФ-5755-сонли “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти хусусида мутахассислар томонидан зарур ахборотлар берилди.

Маърузачиларнинг таъкидлашича, ПФ-5755-сонли Фармон мамлакатимизда 2018 йил июнь ойидан буён амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларининг иккинчи босқичи бўлиб, барча учун адолатли солиқ тизими яратилишига, бир-бирига боғланган ҚҚС занжири пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Фармонга кўра, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар ҳамда товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, ушбу товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади.

– ПФ-5755 сонли Фармон талаблари асосида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб шаҳримизда ҚҚС тўлаш тартибига ўтадиган тадбиркорлик субъектларининг рўйхати шакллантирилди, - дейди Қувасой ДСИ бошлиғи Назиржон Полвонов. – Унга асосан яна 97 та тадбиркорлик субъектлари – 40 та ягона ер солиғи тўловчилари, 15 та АЁҚШ ҳамда 42 та импорт фаолияти билан шуғулланувчи субъектлар ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга олинади. Айни кунга қадар уларнинг барчаси билан индивидуал равишда учрашилди, Фармон мазмун-моҳияти тушунтирилди.

– Мен кўп йиллардан бери фаолият юритиб келаётган тадбиркор сифатида айтишим мумкинки, солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, биз – тадбиркорларни тўғри, ҳалол ишлашимиз учун имконият яратади, - дейди Қувасой шаҳридаги “Мунис файз мебеллари” хусусий корхонаси раҳбари Аъзамжон Қосимов. – Мисол учун, 2019 йил 1 октябрдан ҚҚС бўйича қатор имтиёзларнинг бекор бўлиши, кўпчиликнинг ҚҚС тўлаш тартибига ўтиши барча учун адолатли солиқ тизимини яратишга хизмат қилади, барча учун тенг имкониятлар, тенг рақобат муҳити яратиб беради. Шу билан бирга, Президентимиз томонидан берилган топшириққа кўра, ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга тушириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тадбиркорга қўшимча имкониятлар беради. Ўйлашимча, бундай жараён иқтисодиётнинг соядан чиқишига хизмат қилади.

Шунингдек, семинарда 2019 йил 6 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ҳам муҳокама этилиб, унга кўра, савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида аҳоли билан нақд пулда ва нақд пулсиз шаклда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган маълумотлар алмашинуви платформаси – виртуал кассалар онлайн назорат касса машиналари қаторида жорий этилади.

Тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда қатор қулайликдар ва имкониятлар берилиши маърузачилар томонидан таъкидланди.

Бундан ташқари, сентябрь ойи бошида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси эълон қилинганлиги, унга мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб бизнес субъектлари асосий воситаларни бир марталик ҳисобга олиш ва ҚҚС бўйича ортиқча миқдорни қайтариш ҳуқуқига эга бўлиши ҳақида мутахассилар томонидан ахборот берилди.

Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармаси

Матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1