1

Алишер Усмонов компанияси Ўзбекистондаги йирик уяли алоқа операторини сотиб олмоқда

ИҚТИСОДИЁТ 18.09.2019, 17:56
Алишер Усмонов компанияси Ўзбекистондаги йирик уяли алоқа операторини сотиб олмоқда

Россиядаги телекоммуникациялар соҳаси гиганти – «МегаФон» компанияси Ucell уяли алоқа операторини харид қилиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Repost нашри хабар бермоқда.

Шартнома қиймати ва шартлари ҳақида тўлиқ маълумот йўқ.

Бироқ манбаларнинг сўзларига кўра, компанияни янгидан ташкил этиш ҳамда уни бошқатдан техник жиҳозлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Янги компания Ucell номидан ҳам воз кечиб, «МегаФон» бренди остида хизмат кўрсатиши тахмин қилиняпти.

Аммо Ucell матбуот котиби Бахтиёр Насимов Repost билан суҳбатда “бундай маълумотга эга эмаслиги”ни қайд этган.

Маълумот учун, Ucell компанияси акцияларининг 94 фоизини 2018 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси сотиб олган эди. Ҳозирда мазкур алоқа оператори Ўзбекистон бўйича 7,1 миллиондан ошиқ абонентга эга. Компанияда 1250 нафар ишчи-ходим фаолият олиб боради. Ушбу мобиль бренднинг 2G алоқа тармоғи Ўзбекистон ҳудудининг 97 фоиз, 3G тармоғи эса 60 фоиз ҳудудини қамраб олган.

Россиянинг «МегаФон» телекоммуникацион компанияси 1993 йилда «Северо-Западный GSM» номи билан ташкил қилинган. 2002 йилдаги ребрендингдан сўнг номи “МегаФон” деб ўзгартирилган. 2014 йил декабрида унинг назорат пакетларини USM Holdings сотиб олган. Мазкур ташкилот эса асли ўзбекистонлик бўлган россиялик бизнесмен Алишер Усмоновга тегишлидир.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1