Туризм соҳасида инновацион ривожланиш: гидларни тайёрлаш, тунги туризм ва солиқ таътиллари

ЖАМИЯТ 16.09.2019, 17:26
Туризм соҳасида инновацион ривожланиш: гидларни тайёрлаш, тунги туризм ва солиқ таътиллари

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигидаги Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораториясида экскурсион хизматларни ривожлантириш бўйича ташаббускор ишчи гуруҳининг таклифлари муҳокама қилинди. Унда, шунингдек, Ўзбекистондаги гидлар билан боғлиқ муаммолар ва уларни ечиш йўллари ҳам атрофлича таҳлил этилди.

Муҳокамаларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул ходимлари, сайёҳлик фирмалари раҳбарлари, гидлар иштирок этди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Исақуловнинг хабар беришича, 2018 йили Ўзбекистонга 5,4 млн. нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йил ҳали якунига етмасидан туриб бу кўрсаткич 35 фоизга ошди. Йил якунига бориб мазкур кўрсаткич яна-да юқори бўлиши кутилмоқда. Бу ўз навбатида меҳмонхона, транспорт ва бошқа инфратузилмаларга юкламаларни оширади.

Тадбирда ҳудудлар бўйича дифференциацияланган солиқ ставкаларининг юқорилиги, меҳнат шароитлари, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, сайёҳларни ташиш, хавфсизлик, меҳнат ҳақи масалалардаги мавжуд муаммолар кўриб чиқилди. Ишчи гуруҳ гидларга имтиёзли солиқ тўловчи мақомини бериш ва “гид” мутахассислиги бўйича таълим муассасалари битирувчиларига янги субъектлар сифатида 2 йиллик солиқ таътили бериш таклифи билан чиқди. Шунингдек, гидларга сайёҳларни ташиш хизматини қўшимча фаолият тури сифатида киритишга рухсат бериш таклифи ҳам кўриб чиқилди, бунда минивэн бўлганидагина лицензия берилиши кераклиги қайд этилди. Бундай янги имкониятлар инвестициялар жалб қилишга кўмаклашиши таъкидланди.

2006 йилдан бери гид сифатида фаолият юритиб келаётган Белля Ли соҳанинг ҳали Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган йўналишини — тунги туризмни ривожлантириш лозимлиги ҳақида сўз юритди. Сайёҳликнинг бу тури айниқса, бир учоқдан иккинчисига ўтиши керак бўлган қисқа муддатли меҳмонларга айниқса мос келади. Транзит сайёҳлар аэропортда 7—8 соат давомида кутиб қоладилар. Мана шу фурсатдан фойдаланиб, уларга пойтахтни томоша қилишлари учун шароит яратиб бериш зарурлиги таклиф этилди. Ҳозирда Тошкентда туну кун ишлайдиган маданий объектларнинг йўқлиги сайёҳларга бундай шароит яратилишига тўсқинлик қилмоқда. Худди шундай, умумий овқатланиш жойлари ҳам кундузи ва кечаси бир хил тартибда ишламайди.

Учрашувда гидларга таълим бериш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Бунда бозор талабларини инобатга олган ҳолда сайёҳлик компанияларини бу масалага жалб қилиш, бўш иш ўринлари ярмаркалари каби тадбирларни ташкил этиш лозимлиги айтилди. Ўз навбатида юртимизда гидларни тайёрлаш бўйича фақат битта муассаса – “Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази” мавжуддир.Ҳозирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида гидлар ва йўл кўрсатувчиларга малака сертификатларини бериш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилмоқда. Экскурсоводлик бўйича услубий қўлланмаларнинг мавжуд эмаслигини инобатга олиб, уларни ўзбек тилида ҳам яратиш лозимлиги қайд этилди.

Тадбир сўнгида Ш. Исақулов Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Корея тажрибасига таянган ҳолда ҳудудлар бўйича 8 ҳил намунали лойиҳаларни ишлаб чиққанини ва уларни инвесторларга тақдим этишга тайёр эканини маълум қилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1