1

Қидирувда бўлган шахс паспортининг амал қилиш муддати тўхтатилади

СИЁСАТ 16.09.2019, 16:09
Қидирувда бўлган шахс паспортининг амал қилиш муддати тўхтатилади

2015-2018 йиллар давомида қидирувдаги 1 минг 457 нафар шахсни республикага экстрадиция қилиш учун давлат бюджетидан қарийб 30 миллиард сўм сарфланган.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун жорий йил 28 августда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилинди.

Ушбу янги қонун билан 5 кодекс ва 3 қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жиноят-ижроия кодекси, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”, “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага оид бир қатор қарорлари ижросини таъминлашга қаратилган.

Қонунчиликка киритилган тузатишларга кўра, эндиликда озодликдан маҳрум қилинган ва жазони манзил-колонияларида ўтаётган шахсларга пенсия тўлаш жорий этилади. Маҳкумларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланади.

Озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар жазони ижро этиш муассасаларига жўнатилишида шаффофлик таъминланади. Маҳкумлар овқат ейишни рад этганда қўлланиладиган чоралар ва улар тартибини белгиловчи органлар аниқлаштирилди. Уларга бериладиган учрашувлар, телефон орқали сўзлашувлар, посилка ёки йўқлов ва бандероллар олишнинг миқдорлари кўпайтирилади. Бу билан маҳкумда ҳуқуққа итоаткор ҳулқ-атворни шакллантириш мумкин.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодекси қидирувда бўлган шахс паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиш муддатини тўхтатиш ва тиклаш тартибларини белгиловчи янги боб билан тўлдирилди.

Жиноят содир қилган шахсларга нисбатан бундай чекловни жорий қилиш қуйидагилар билан изоҳланади:

Статистик маълумотларга кўра, 2016 йилда 23,6 минг нафар қидирувдаги шахсдан 11,2 минг нафари, яъни 47,5 фоизи ушланган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилда ‒ 36 фоизни, 2018 йилда эса ‒ 38 фоизни ташкил этган.

Ўз ўрнида, қидирувдаги шахсларни қидириш учун катта куч ва воситалар жалб этилмоқда. Хусусан, 2015-2018 йиллар давомида 1 минг 457 нафар қидирувдаги шахсни республикага экстрадиция қилиш учун давлат бюджетидан қарийб 30 миллиард сўм сарфланган.

Бундан ташқари, қидирувда бўлган шахслар содир этган жинояти бошқа давлат қонунчилигига асосан жиноят деб топилмаслиги, бундай тоифадаги шахслар бошқа давлат фуқаролигини қабул қилганлиги ёки қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаганлиги сабабли уларни ушлаб бериш ҳақидаги сўровлар ижро этилмаслигига олиб келмоқда.

Хорижий давлатлар қонунчилиги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, АҚШ, Германия, Франция, Бельгия, Туркия, Жанубий Корея, Австралия, Грузия ва бошқа қатор давлатларда жиноят иши бўйича айбланувчилар (судланувчилар) суддан яширинишининг олдини олиш, қидирувда бўлган шахсларнинг хорижий давлатларда ҳаракатланишини чеклаш ва ўз юртига қайтариш мақсадида фуқаролик паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиш муддатини тўхтатиш амалиёти кенг қўлланилиб келинмоқда.

Қонун билан киритилган ўзгартишлардан яна бир муҳим жиҳати тиббиёт соҳаси билан боғлиқ. Сир эмас, тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари чақирув жойига вақтида етиб бориши билан боғлиқ айрим муаммолар мавжуд. Хусусан, тез тиббий ёрдам автомашиналари ҳайдовчилари махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги бўйича айрим ҳолатларда жавобгарликка тортилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига асосан, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тез тиббий ёрдам хизмати ҳайдовчилари томонидан 2017, 2018 йилларда ва 2019 йилнинг январь ойида жами 1 минг 644 та йўл ҳаракати қоидаси бузилгани қайд этилган.

Қоидабузарлик содир этган, дея баҳоланган ҳуқуқбузарликлар учун 2017 йилда 16 нафар, 2018 йилда 110 нафар тез тиббий ёрдам хайдовчиси жарима тўлаган.

Бу эса тез тиббий ёрдам автомашиналари ҳайдовчиларининг асосли норозилигига сабаб бўлмоқда. Натижада тез тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур бўлганда ҳам уларга светофорнинг тақиқланган чироғида кутиб туриш, белгиланган тезликни оширмасдан ҳаракатланиши оқибатида беморга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш имконияти пасаймоқда.

Юқоридагиларга асосан қайд этилган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддаси қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилмоқда: “Тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек, улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда, кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги ўта муҳим ҳолатларда содир этилган, деб топилади ва маъмурий иш ушбу кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади”.

Қонунчиликка меҳнат ва уни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ҳам киритилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг статистик маълумотларига кўра, иш берувчилар томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида 2017 йилда 18 минг 457 та ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлса, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 18 минг 774 тани ташкил қилди.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар динамикаси, уларнинг сони кейинги йилларда ошиб бораётганлиги амалдаги маъмурий жазо турлари ҳамда санкцияларга тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш зарурлигини кўрсатди.

Шу муносабат билан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун; вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслиги тўғрисидаги талабларни бузганлик учун; аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун; меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун; бўш иш ўринларини яширганлик учун каби ҳуқуқбузарликлар амалиётда кўп содир этилаётганлигини ҳисобга олиб ва хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига жавобгарликни кучайтириш мақсадида ўзгартишлар киритилди.

Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга, маҳкумларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга, шунингдек, жиноят-ижроия қонунчилиги ва жазони ижро этиш муассасалари фаолияти амалиётида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг халқаро стандартларини имплементация қилишга имкон беради.

Экстрадиция қилишнинг имкони бўлмаган қидирувдаги шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлайди. Шунингдек, қидирувда бўлган шахсларнинг салмоғини камайтиради ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Тез тиббий ёрдам автомашиналари билан махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ амалиётдаги айрим муаммоли ҳолатлар бартараф этилади ҳамда бундай транспорт воситалари хайдовчиларининг асоссиз жавобгарлигининг олди олинади.

Аҳоли бандлиги ва меҳнат муҳофазаси соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактика чораларини кучайтириш ҳамда соҳадаги ҳуқуқбузарликларни тоифалашда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш имконини беради.

Рашид ПИРМАТОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1