1

Қўқондаги ҳунармандчилик фестивалида антиқа маҳсулотлар намойиш этилди

МАДАНИЯТ 15.09.2019, 21:43
Қўқондаги ҳунармандчилик фестивалида антиқа маҳсулотлар намойиш этилди

Қўқонда бўлиб ўтаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига Ўзбекистон ва дунёнинг турли бурчакларидан ҳунармандлар энг сара маҳсулотлари билан қатнашди.

Риштонлик кулол Равшанбек Тожиддинов фестивалга оғирлиги 80 килограмм бўлган улкан сопол лаган билан ташриф буюрди. Диаметри 1,2 метр бўлган лаганга бир пайтнинг ўзида 40 килограмм ош сиғдириш мумкин. Лаганни тайёрлаш учун кулол уч йил вақт сарфлаган. Унга 100 килограмм махсус лой ишлатилган ва қоронғи жойда бир ярим йил мобайнида табиий усулда қуритилган. Лаган юзасига нақш чизиб, уни қуритиш учун яна 6 ой вақт кетган.

Бағдодлик ҳунарманд Бахтиёр Шерматов уч ой давомида узунлиги 4,7 метр, баландлиги 3,5 метр келадиган елканли кема ясади. «Орзу» деб номланган бу кема Халқаро ҳунармандчилик фестивали учун махсус тайёрланган. Хорижий сайёҳлардан бири уни 5 минг АҚШ долларига сотиб олиш истагини билдирди, лекин ҳунарманд уни фестиваль якунлангунича сотмаслигини айтди.

Тошкент вилояти ҳудудидаги кўргазмалар орасидан жой олган, ёғочдан тайёрланган қирқ қулоқли қозон атрофи ҳам иштирокчилар билан гавжум бўлди. Уста Шавкат Юсупов томонидан ясалган бу қозон Амир Темур давридаги қирқ қулоқли улкан қозоннинг кичикроқ кўринишини эслатади.

Фестивалда сурхондарёлик каштадўз Нилуфар Жўраева томонидан тайёрланган эни 21 метр, бўйи 5,5 метр бўлган дунёдаги энг катта миллий сўзана ҳам намойиш этилди. Мазкур сўзана Нилуфар Жўраева ҳамда унинг 20 нафар шогирди томонидан 6 ой давомида яратилган. Сўзанани сурхонча сержило нақшлар ва ёрқин ранглар билан безаш учун 16 килограммдан ортиқ табиий усулда бўялган калава ип сарфланган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1