Қўқон — Бутунжаҳон ҳунармандлар фестивали мезбони

МАДАНИЯТ 13.09.2019, 12:45
Қўқон — Бутунжаҳон ҳунармандлар фестивали мезбони

Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивалининг асосий тадбирлари бошланди. Анжуманда 100 дан ортиқ давлатдан фахрий меҳмонлар, моҳир ҳунармандлар, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистонда халқ амалий санъати ва ҳунармандчиликнинг қадим анъана ва мактаблари сақланиб қолган. Юртимизнинг деярли барча ҳудудларида ўзига хос ҳунармандчилик мактаблари шаклланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Бугунги ислоҳотлар соҳа ривожи учун янги имкониятлар яратмоқда. Ҳар бир ҳунармандлик маҳсулоти ўзига хослиги билан ажралиб туради. Илк бор ўтказилаётган мазкур анжуман ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш, ҳунармандчилик анъана ва мактабларини асраш, қайта тиклаш, бу соҳадаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, истеъдодли ҳунармандларни рағбатлантириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида “Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳунарларнинг онлайн-энциклопедияси (ATP). Анъанавий қўл меҳнати буюмлари” лойиҳасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича президенти Гада Каддуми хоним иштирок этган тадбирда мазкур фестиваль халқаро миқёсдаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик анжумани экани таъкидланди.

Гада Каддуми раҳбарлигида ишлаб чиқилган мазкур онлайн-энциклопедияда Осиё-Тинч океани минтақасидаги 50 давлатнинг ҳунармандчилиги тарихи, ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилган. Гада Каддуми хонимнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, халқларни бир-бирига танитиш, шу тариқа дўстлик, ҳамжиҳатлик ва тинчлик ўрнатилишига хизмат қилади.

Фестиваль доирасида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар хорижлик меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1