1

Ўзбекистон делегацияси Санкт-Петербургда қатор туристик ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказди

ЖАМИЯТ 10.09.2019, 16:02
Ўзбекистон делегацияси Санкт-Петербургда қатор туристик ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказди

Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан республикамизнинг вазирлик ва идоралари, давлат муассасалари ва ННТ вакиллари, кўзга кўринган маданият ва санъат арбобларидан иборат делегация Санкт-Петербургда бўлди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Санкт-Петербург маъмурияти, Ўзбекистон Республикаси консуллиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Санкт-Петербург Туризмни ривожлантириш қўмитаси ва РФ федерал меҳнат ва бандлик хизмати вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили Санкт-Петербург туристик марказида лойиҳаларни ривожлантириш бўйича директор ўринбосари ва россиялик туроператорлар билан учрашди ҳамда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимотини ўтказди. Учрашув якунига кўра, марказ раҳбарияти билан ҳамкорлик битимини тайёрлаш ва қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга доир келишувга эришилди. Шунингдек, ўша ернинг ўзида “Меандр” реставрацион-қурилиш компаниясининг салоҳиятли инвесторлари билан B2B учрашувлар ўтказилди. Тадбир давомида “Меандр” томонидан қадимий обидалар, тарихий биноларни реставрация қилиш ҳамда Ўзбекистонда меҳмонхоналар қуриш билан боғлиқ лойиҳалар тақдим этилди.

Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сўнгги 8 ой ичида Ўзбекистонга 2000 сайёҳни йўллаган йирик “Аэротур” туристик компанияси вакиллари билан учрашишди. Учрашув сўнггида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда “Аэротур” компанияси ўртасида Ўзбекистонга кириш туризмини ривожлантиришга доир Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 6 сентябрь куни делегациямиз вакиллари Санкт-Петербургдаги турли қурилиш-ишлаб чиқариш майдонларида бўлиб, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан суҳбатлар ўтказилди.

Жумладан, «Лахта-центр» ижтимоий-бизнес комплексининг қурилишига жалб қилинган «Renaissance Construction»нинг 140 нафар ишчиси ҳамда 40 аёлдан иборат тикув цех ходимлари билан учрашилди. Тадбирларда Ўзбекистон делегацияси вакиллари йиғилганларни Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан табриклаб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва замонавий Ўзбекистоннинг ютуқлари ҳақида маълумот берди ҳамда ёшларни билим олишга чорлашди. Шунингдек, делегатлар Император Александр I номидаги Петербург давлат темир йўл университетида бўлиб, ўзбекистонлик талабалар билан ҳам учрашишди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1