1

​Бугун 620 минг нафардан ортиқ ўқувчилар илк бор 1-синфга қадам қўйди

ЖАМИЯТ 04.09.2019, 09:33
​Бугун 620 минг нафардан ортиқ ўқувчилар илк бор 1-синфга қадам қўйди

Бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган 9904 та давлат умумтаълим муассасаларида 2019-2020 ўқув йили бошланди. Таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув йилида мактаблар ўтган ўқув йилига нисбатан 213 тага кўпайди.

2019-2020 ўқув йилида мактабларда жами 6,16 млн. нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу эса ўтган ўқув йилига нисбатан 338,56 минг нафар ўқувчи кўп эканлигидан далолат беради. Шундан 620 минг нафардан ортиқ ўқувчилар илк бор 1-синфга қадам қўйди.

Ўқув йилининг биринчи кунида 1-синфга чиққан барча ўқувчиларга “Президент совғаси” топширилди.

Жорий ўқув йилида 1-синф ўқувчилари учун бериладиган “Президент совғаси” таркибидаги маҳсулотларнинг сифатига катта аҳамият берилди.

1-синф ўқувчилари учун “Президент совғаси”дан 12 турдаги ўқув қуроллари ўрин олган.

2019-2020 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 1-, 3-, 8-, 9-синфлари учун жами 479 номда 36,5 млн. нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар нашр этилди.

Янги ўқув йили учун дарслик ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни нашрга тайёрлашда асосий эътибор мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб беришига қаратилди.

Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, дарслик ва ўқув-методик адабиётларнинг мазмунига халқаро баҳолаш дастури PISA, TIMSS талаблари сингдирилди.

Шунингдек, дарсликлар инновацион ёндашув асосида тайёрланди. Бунда ўқувчиларни мантиқий фикрлашга йўналтирилган таълимий ўйин, машқ, масала ва топшириқларга урғу берилди.

Яна бир янгилик, ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналарга кенг имкониятлар яратиш мақсадида 2019-2020 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 8-9-синфлар учун Технология дарслигининг янги авлоди (мустақиллик йилларида илк маротаба) чоп этилди ҳамда ижара тизимига киритилди. Аҳамиятлиси, мазкур дарсликлар 7 тилда нашр этилди.

Технология ва 8-синф Она тили дарсликлари мазмуни ўқувчиларнинг техник қобилиятини ривожлантиришга оид амалий, креатив, мантиқий ёндошувга асосланган топшириқлар билан бойитилди. Бу STEAM технологиялари талаблари асосида амалга оширилди.

8-синфлар учун География, Технология ҳамда Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи асослари дарсликларида QR-код ёрдамида қўшимча маълумот олиш имконияти яратилди. 8-9-синф Тарих дарсликлари хариталар билан бойитилди.

2019-2020 ўқув йилида имконияти чекланган болалар мактаб ва мактаб-интернатлари учун 78 номда 60,6 минг нусха дарслик ҳамда ўқув қўлланмалар чоп этилди. Шундан 8 номдагиси кўзи ожизлар учун Брайль алифбосидаги дарсликлар ҳисобланади. Дарсликлар мактабларга етказилди.

2019-2020 ўқув йилида 247 372 дона синф журналлари чоп этилиб, “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси томонидан барча умумий ўрта таълим мактабларига етказилди.

Бундан ташқари, 99 440 дона 1-4-синф журналлари, 633 575 дона баҳолар табели (1-11-синфлар), 453 207 дона баҳолар табели (10-11-синфлар учун) ва 15 000 дона тўгарак машғулотлар журналлари таълим муассасаларига етказилди.

2019-2020 ўқув йили режаси Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 29 октябрдаги 266-сон буйруғи билан тасдиқланиб, ҳудудий бошқармалар орқали барча умумтаълим мактабларига етказилди.

Бу йилги ўқув режага киритилган энг катта ўзгаришлардан бири - таълим рус тили ва қардош тилларда олиб бориладиган умумтаълим мактабларида давлат (ўзбек) тилини чуқурроқ ўргатишмақсадида 5-синфдан бошлаб, ўзбек тили фанига ҳафтасига қўшимча 1 соат қўшиб берилди.

Қуйидаги жадвалдан эса жорий ўқув йилининг муҳим 10 янгилики ҳақида янада тўлиқроқ маълумот ўрин олган:

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1