1

“Шарқ тароналари” бош соврини — Гран-прига ўзбекистонлик сазовор бўлди

МАДАНИЯТ 31.08.2019, 17:04
“Шарқ тароналари” бош соврини — Гран-прига ўзбекистонлик сазовор бўлди

Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали якунланди.

26-30 август кунлари дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланган Регистондаги амфитеатрда “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Дастлаб, фестиваль қатнашчилари “Энг яхши либос ва мусиқа уйғунлиги”, “Меҳр-оқибатни тараннум этгани учун”, “Шарқ халқлари мусиқа санъати жонкуяри”, “Анъаналарга содиқ жамоа”, “Қадриятлар давомчиси” каби номинациялар бўйича тақдирланди. Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилотларнинг махсус мукофотлари топширилди.

Номинация ғолибларига диплом, 500 АҚШ долларидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.

Саҳнага Тожикистон (“Бадахшон” жамоаси) ва Россия (“Айархан” жамоаси)дан келган жамоалар ҳамда Ўзбекистон вакиллари – Азизжон Абдуазимов ва Улуғбек Элмуродзода таклиф этилди. Уларга фестивалнинг учинчи даражали дипломлари, 2 минг АҚШ долларидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Иккинчи ўринга Туркманистоннинг “Арчабил” ва Мўғулистоннинг “Хатан” жамоалари сазовор бўлди. Уларга 3,5 минг АҚШ долларидан пул мукофоти, диплом ва бошқа совғалар топширилди.

Фестивалнинг профессионал халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда анъанавий йўлда ижод қилинган замонавий мусиқа ёки қўшиқ йўналишлари бўйича биринчи ўринга Қирғизистонинг “Қомузчилар” дуэти ҳамда Озарбайжондан келган Парвиз Гасимов муносиб, деб топилди. Уларнинг ҳар бири 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ниҳоят, ҳаяжонли лаҳзалар бошланди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини – Гран-при Ўзбекистон вакили Меҳринигор Абдурашидовага берилгани маълум қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1