Давлат раҳбари Мустақиллик тантаналари олдидан пойтахтнинг олти масканига ташриф буюрди

СИЁСАТ 31.08.2019, 14:05
Давлат раҳбари Мустақиллик тантаналари олдидан пойтахтнинг олти масканига ташриф буюрди

1. Хореография олий мактаби энди янги замонавий даргоҳда
Президент Шавкат Мирзиёев 30 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Хореография олий мактабининг замонавий янги биноси. Олий мактаб янги ўқув йилини ана шу даргоҳда бошлайди.

Замонавий Олий мактаб биноси учун 15 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган. 400 талаба таҳсил олади. 300 ўринли талабалар турар жойи ҳам мавжуд.

– Бу ердаги шароит, муҳит ва ютуқларни мамлакатимизнинг бошқа жойларида ҳам татбиқ этиш, ҳудудий мактаблар ташкил этиб, уларни Олий мактабга бириктириш, устоз-шогирд анъанасини мустаҳкамлаш зарур, – деди давлат раҳбари.

Дарвоқе, давлат раҳбари кўрсатмасига кўра, «Баҳор» рақс ансамбли қайта тикланади.

2. «Наврўз» боғида миллий қадриятларимиз намоён бўлади

Давлат раҳбари ташриф буюрган Тошкент шаҳридаги “Наврўз” боғи халқимиз маданияти, миллий қадриятлари чуқур ифодасини топган. 2,5 гектар майдон этнографик шаҳарчага айлантирилган. Қорақалпоғистон ва барча вилоятлар номлари билан аталадиган кўчалар ва қадимий услубда уйлар бунёд этилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос анъаналари, ҳунармандчилиги, турмуш тарзи акс эттирилган.

Пахса деворли ҳовлилар, айвонлар, чойхона ва устахоналар тимсолида қадимий маҳаллаларимиз қайта тикланган.


Ушбу ўзига хос шаҳарча марказида Наврўз байрами тантаналарини ўтказишга мўлжалланган амфитеатр барпо этилган. Боғ охиридаги анҳор устида 88 метрлик кўприк қурилган.

- Ўзликни англаш нуқтаи назаридан бу жойнинг аҳамияти катта. Бу ерда миллий қадриятларимиз, тарихимиз яққол кўринади. Ўз тарихини чуқур билган халқ ғурурли, қудратли, бадавлат бўлади, - деди Президент.

Давлатимиз раҳбари кўрсатмасига кўра, бу боғ фақат Наврўз кунлари эмас, йил давомида гавжум бўлади. Бу ерга келганлар маданий ҳордиқ билан бирга маънавий озуқа ҳам олади.


3. Мирзо Улуғбек мактаби - мамлакатимиз таълим тизимида янги йўналиш


Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган ушбу ўқув даргоҳи физика, математика, информатика ва астрономия фанларига ихтисослашган.

Инновацион усулларда дарс ўтиш мақсадида аэрокосмик технологиялар хонаси ташкил этилиб, замонавий VR BOX, HOLOMAX, QBOX ускуналари ўрнатилган. Мактаб биносининг том қисмида ўрнатилган телескопда ўқувчилар осмон жисмларини кузатиши мумкин.

Робототехника, ёш физиклар, математиклар, астроном ва информатиклар тўгараклари ҳам ташкил этилган.

- Бу мактабни Мирзо Улуғбек номи билан ташкил этганимиз бежиз эмас. Бундан фахрланишингиз, буюк бобомизга муносиб бўлишингиз керак. Бунинг учун жуда катта интилиш, қунт, меҳнат зарур. Ватанимизга керакли етук мутахассислар бўлиб етишишингиз учун ҳамма шароитни яратиб берамиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

4. Tashkent City босқичма-босқич битмоқда

Маълумки, давлатимиз раҳбари бу лойиҳанинг сифати ва суръатини доимий кузатиб бормоқда. Ҳар бир деталга, рангга, қулайлик ва қиёфа уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда икки қаватли конгресс-холл биноси ва 21 қаватли беш юлдузли меҳмонхона қад кўтариб бўлган. Ички пардозлаш, электр тармоқлари тортиш, декоратив панелларни монтаж қилиш ишлари якунланмоқда. Муҳандислик коммуникация тармоқларини ўрнатиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Боғда манзарали дарахтлар экилган, мусиқали фаввора барпо этилган.

Президентимиз мажмуада амалга оширилган бунёдкорлик ишларини юқори баҳолаб, бу объектлар ишга тушганда хизмат турларини кўпайтиришга эътибор қаратиш, халқимизнинг бу ерга келиб мазмунли дам олиши учун қулайликлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берди.

5. Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонлари ёд этилди

Давлатимиз раҳбари 31 август куни эрта тонгда Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюриб, қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этди.

Қуръон тиловат этилиб, халқимиз озодлиги учун фидо бўлган инсонлар ҳақига дуо қилинди. Анъанага кўра, элга ош тортилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлиб ўтди.

Фидойи ва ватанпарвар боболаримизнинг ҳаёти ва меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.

6. Президент Мустақиллик майдонига ташриф буюрди

Давлатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, озодлигимиз, ёруғ келажагимиз ва пок ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар вакиллари ҳам монумент пойига гуллар қўйди.

Мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очган, халқимиз учун энг улуғ, энг азиз айём бўлган Мустақиллик байрамига ҳамма жойда катта тайёргарлик кўрилган. Пойтахтимиздаги тантанали тадбир бугун “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1