​Аҳоли муаммолари беэътибор қолмаяпти (ми?)

ЖАМИЯТ 30.08.2019, 18:12
​Аҳоли муаммолари беэътибор қолмаяпти (ми?)

Фарғона вилояти 2-сектор раҳбарининг навбатдаги сайёр қабули Бағдод туманида ўтказилди. Қабул давомида 46 нафар фуқароларнинг мурожаати тингланди ва 41 та ёзма мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.

Мурожаатлар асосан ичимлик суви таъминоти, соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш, уй-жой, моддий ёрдам, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда коммунал масалаларга оид бўлди.

Хусусан, “Говхона” қишлоғининг Тадбиркор ва Қўшчинор кўчалари, “Қароқчитол” ва “Қоровултепа” қишлоқларида аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи мавжудлиги, ичимлик суви тармоғи ва насослар таъмирга мухтожлиги маълум бўлиб, бу масалаларни кўтарган Т.Раҳмонов, У.Исоқов, Х.Саримсоқова, Х.Эрматовларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш чоралари белгиланди.

Шунингдек, туман марказидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг мурожаатига асосан канализация тармоқларини тозалаш ва маиший чиқиндиларни белгиланган вақтда ташиб кетишни йўлга қўйиш бўйича тегишли ташкилот раҳбарларининг масъулияти оширилди.

Сайёр қабул жараёнининг ўзида 5 нафар шахслар ишга жойлаштирилди,2 нафарига ногиронлик аравачаси, 1 нафарига эшитиш ускунаси берилди, 2 нафари даволанишга ётқизилди, 2 нафарига сиҳатгоҳга бепул йўлланмалар берилди.

- Жорий йилда хорижий тил ва адабиёти йўналиши бўйича олий ўқув юртини тамомлаган бўлсам-да, ҳозирга қадар ишга жойлаша олмадим. Сайёр қабул давомида мурожаатим ижобий ҳал этилиб, мактабга ишга жойландим, - дейди “Чуринди” қишлоғидан М.Алижонова.

- Бузилишга тушган савдо дўконим ўрнига туман ҳокимлиги томонидан ер майдони ажратилмагани ҳақида мурожаат қилдим. Мурожаатим тегишли ташкилот вакиллари иштирокида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди,- деб мурожаат қилди Бағдод шаҳарчасида яшовчи Б.Мирзақулов.

Шу билан бирга, вилоят прокурори томонидан кам таъминланган оилаларнинг хонадонларига борилди.

Хусусан, фуқаро З.Усмонованинг хонадонига борилганда, оилада 4 нафар фуқаролар истиқомат қилиши, ўзи ва қизи М.Убайдуллаева ишсизлиги, икки нафар фарзанди мактаб ўқувчиси эканлиги, оила З.Усмонованинг ёлланма меҳнати орқали кун кечираётганлиги, яшаш уйи 1959 йилда қурилган бўлиб, таъмирга мухтожлиги маълум бўлди.

Ўрганиш давомида, икки хонадондан иборат яшаш уйи қуриш масаласини кўриб чиқиш ҳақида мутасаддиларга кўрсатмалар берилиб, З.Усмонова ва қизи М.Убайдуллаеваларнинг ишга жойлаштирилиши таъминланди.

Бундан ташқари, Ф.Исақованинг яшаш хонадони ўрганилганда, хонадонда 2 нафар фарзандлари билан бирга яшаб келаётганлиги, Ф.Исақова касаллиги, қизи Д.Исақова ишсизлиги, ўғли И.Рахимбердиев ногиронлиги маълум бўлди.

Ўрганиш давомида, Ф.Исақованинг яшаш уйи кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди, ўзи ва фарзандига даволаш чора-тадбирлари белгиланди, қизи Д.Исақовага бепул тикув машинаси берилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1