​20 та янги “Ниҳол” униб чиқди

ЖАМИЯТ 30.08.2019, 01:54
​20 та янги “Ниҳол” униб чиқди

29 август куни пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги“ саройида “Ниҳол“ мукофоти совриндорлари тантанали тақдирланди. Ушбу маросимда "Даракчи" мухбирлари ҳам иштирок этди.

2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ёш истеъдодлар учун таъсис этган "Ниҳол" мукофоти ўзининг эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати ижрочилиги соҳасидаги маҳорати билан одамларнинг юрагига етиб борадиган асарлар яратишда фаоллик кўрсатаётган ижодкорларга берилмоқда.

Мукофотга даъвогарларнинг ижоди 5 та (эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, опера ижрочилиги ва рақс санъати) йўналишлар бўйича ўтказилган танловлар орқали сараланди. Тавсия этилаётган ишларни кўришда номзоднинг профессионал тайёргарлиги, бадиий ижрочилик маҳорати, репертуар савияси (мусиқа, матн), ижтимоий фаоллиги, инсоний фазилатлари етакчи мутахассислар томонидан юқори баҳоланганлиги, жамоатчилик томонидан эътироф этилганлиги инобатга олинди.

Танзила Норбоева, Олий Мажлис сенати раиси:

— 17 йилдан буён “Ниҳол” мукофоти совриндорлари аниқланиб, тақдирланиб келади. Шу йил ичида 167 нафар ёшлар санъатнинг турли йўналишларида мукофотга сазовор бўлди. Улардан бир нафари Ўзбекистон халқ артисти, 27 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 6 нафари Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, 6 нафари “Шуҳрат” медали соҳиби, бир нафари эса Шарқ тароналари фестивалининг ЮНЕСКО совриндори бўлди. Аввалига 15 нафар ёшлар тақдирланган бўлса, 2017 йилдан бошлаб уларнинг сони 20 нафарга оширилди. Келгусида ёш истеъдодарнинг сафи яна кенгаяди, деган умиддамиз.

Озодбек Назарбеков, Маданият вазири ўринбосари:

— Бу йилги “Ниҳол” мукофоти совриндорлари жонли ижрода истеъдодларини намойиш этди. Бу юртимизда жонли ижрога эътибордан ҳамда ҳақиқий истеъдодларга йўл берилаётганидан дарак. Бугунги ғолиблар ана шундай истеъдодлардир. Уларнинг чиройи, қош-кўзига қараб эмас, чинакам санъати билан юқори чўққиларга эришиш имкони бериляпти.

Ҳадича Имомназарова, опера йўналишида “Ниҳол” мукофоти совриндори:

— Уч ёшимдан саҳнага чиққанман. Эстрада йўналишида қўшиқлар айтишдан бошлаганман. Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги иқтидорли болалар лицейида опера йўналишида таълим олдим. У ердаги устозларим хизматлари билан ушбу мукофотга муяссар бўлдим, деб ўйлайман. Келгусда халқаро танловларда ҳам қатнашиб, дунё эътирофини олишга ҳаракат қиламан.

Василиса Найпак, мусиқа ижрочилиги йўналишида “Ниҳол” мукофоти совриндори:

— 10 ёшимдан дутор чаламан. Марғилон шаҳрида мусиқа ва санъат мактабида 6 йил таълим олдим. Биринчи устозим Наргиза опа Мамажонова бўлади. Улар менда дуторга меҳр уйғотган. Ўзим украин миллатига мансубман, Ўзбекистонда туғилдим, ўсдим, ўзбек тилини мукаммал ўргандим. Энди мутахассислигим бўйича таълимни давом эттираман. Устозларим Тоҳир ва Хуршида Қаҳҳоровларга, Тоҳир Умаров ҳамда мени қўллаб-қувватлаган ота-онамга катта раҳмат дейман.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1