1

Тарғибот декадасида ўтказилган рейдлар самараси: Ёшлар жиноятчилиги 39, 1 фоизга камайди

ЖАМИЯТ 26.08.2019, 15:06
Тарғибот декадасида ўтказилган рейдлар самараси: Ёшлар жиноятчилиги 39, 1 фоизга камайди

Ёшлик инсоннинг порлоқ келажаги учун уруғ қадайдиган баҳор палласидир. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг салоҳиятини ошириб борган, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга киришган инсоннинг эртаси нурафшон. Аммо, айримлар “Ёшлик – бебошлик” дея ножўя ҳаракатларга қўл уриб жиноят кўчасига кириб қолганини билмай қоляпти.

Бундайлар ўз бошига ўзи кулфат сотиб олади, десак хато бўлмайди. Агар улар ҳам ўз муваффақиятлари билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган ёшлардан ибрат олганида, уларнинг ота-оналари фарзандларига бефарқ бўлмаганларида эди бугун ёшлар жиноятчилиги анча камаярди. Адашган ёшлар майда безорилик, ўғирликка қўл уриб бебаҳо, бетакрор умрнинг олтинга тенг даврини панжара ортида ўтказмаган бўлардилар.

Ёшлар эртамиз кўзгуси. Уларнинг келажаги бутун бир миллатнинг ширин ташвишидир. Ҳозирда барча жабҳада ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш учун нафақат ота-она, маҳалла, балки бир қатор ташкилот ва идоралар ҳам масъул этиб белгиланган.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчиликни олдини олишда масъуллар асосий эътиборни нималарга қаратяпти...?

Бугун жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг ёшлар ўртасида кузатилаётгани аччиқ ҳақиқат. Ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар умумий жиноятларга нисбатан 25 фоизга етган. Мутасаддилар “Касални даволагандан кўра, олдини олган маъқул”, деган нақлга амал қилган ҳолда жиноят билан курашишда дастлаб ёшларни жиноят қилишга ундайдиган сабаблар, ҳолатларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Ёшлар орасидаги жиноятларнинг илдизи ҳам худди шу жиҳатлардан қидирилмоқда.

Маълумки, ёшлар асосан бекорчилиги, эътиборга мухтожлиги, ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги туфайли жиноят содир этади. Муаммога ечим топиш мақсадида Ёшлар иттифоқи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшларнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтириб боряпти. Иттифоқ тизимида ёшлар жиноятчилигини барвақт профилактика қилиш бўйича ҳар ойнинг охирги 10 кунлигида “Барчаси ўз қўлингда!” тарғибот декадаси лойиҳасини тизимли равишда ўтказиб бориш йўлга қўйилди. Декада доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида жиноятчиликни барвақт пролфилактика қилишни назарда тутадиган лойиҳалар ташкил этилади. Бугунги кунга қадар ички ишлар идоралари ва Миллий гвардиянинг 1 750 нафар ходимлари ҳамда 7 600 нафар кўнгилли ёшлардан иборат “Фидокор ёшлар” патруль гуруҳлари иштирокида туман (шаҳар)ларда 13 886 марта тунги рейд тадбирлари, 3 352 та таълим муассасаларида 3 889 марта “Ўқувчи”, “Тиғ” профилактик тадбирлари ташкил этилиб, рейдлар давомида аниқланган 3 854 нафар вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилди, 890 нафар ёшлар таълимга қайтарилди.

Жорий йилда илк бора ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг назоратида турган ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган 22 марта (2016 нафар ёшлар, шундан, 211 нафари аёллар) Пробация хизмати назоратидаги ёшлар иштирокида “Синовдан юксалишга қатъий қадам” мавзусида очиқ мулоқатлар ўтказилиб, унда 269 та мурожаатлар (237 та муаммолар, 30 та таклифлар) билдирилган. 162 та муаммоларнинг ечими топилган, 48 нафар ёшларнинг бандлик масалалари ҳал этилган, 55 нафар ёшлар касб-ҳунар ва чет тиллари тўгаракларига жалб этилган.

2019 йил 10-20 август кунлари, Бухоро, Наманган, Тошкент ҳамда Хоразм вилоятлари оромгоҳларида тарбия ва спорт соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этилди. Унда 1230 нафар ички ишлар органларида профилактик ҳисобида турувчи вояга етмаганларнинг иштироки таъминланиб, 484 нафар профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаган ёшларни ҳисобдан чиқариш бўйича тавсияномалар берилди.

—Тадбирлар давомида тарбияси оғир жиноят содир этишга мойиллиги бўлган ёшларнинг ҳам эзгу ғоялари, ташаббуслари борлигига гувоҳ бўлдим. “Боланинг ёмони бўлмайди. Фақат уларга эътиборли бўлиб, бефарқ бўлмасдан уларни эшитишни билишимиз керак”, деган хулосага келдим, – дейди Ёшлар иттифоқи бўлим бошлиғи Акмал Алимов. — Якка тартибда олиб борилган суҳбатларда улар содир этган ҳуқуқбузарликларини ҳақиқатда нотўғри эканлигини англаб етишган. Бу тушуниш уларни эртанги кунда тўғри йўлга, тўғри ҳаётга етаклайди. Биз амалга ошираётган лойиҳалар бесамар кетмади.

“Дўстингни сафга қайтар” мавзусидаги давра суҳбатларида илк бор ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган, афв этилган ҳамда “Ёшлар иттифоқи кафиллиги” билан суд залидан озод қилинган ёшлар қатнашди...

Мазкур ойда Ёшлар иттифоқи томонидан Тошкент вилояти ИИБ П ва ЖИЭБ 24-сон тарбия колонияси, Чиноз тумани 5-сонли республика қиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернати, Сирдарё вилояти, Бахт шаҳридаги республика ўғил болалар тарбия муассасаси ҳамда Қўқон шаҳридаги махсус касб-ҳунар коллежида жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган вояга етмаганларни тўғри йўлга солиш, уларни муассасадан чиққанларида жамиятга мослашишларини енгиллаштириш ҳам келажакда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш мақсадида “Дўстингни сафга қайтар” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди. Тадбирларда илк бор ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганлар, Президент фармони асосида афв этилган ҳамда “Ёшлар иттифоқи кафиллиги” билан суд залидан озод қилиниб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланган вояга етмаганлар ҳамда Пробация хизмати назоратида бўлган муассасадан қайтган ёшларнинг иштирок этиши таъминланди.

Саъй-ҳаракатлар самараси: Ёшлар жиноятчилиги 39,1 фоизга камайди...

Амалга оширилган ишлар натижасида 2019 йилнинг июль ойи ҳолатига кўра ёшлар жиноятчилиги 4 549 марта кузатилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 39,1 фоизга камайган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 78,9, Андижон вилоятида 67,3 фоиз, Самарқанд вилоятида 51,9 фоиз, Жиззах вилоятида 46,5 фоиз, Наманган вилоятида 44,4 фоизга, Сирдарё вилоятида 39 фоиз, Хоразм вилоятида 38,7 фоиз, Навоий вилоятида 33,7 фоиз, Фарғона вилоятида 33,3 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 25,7 фоиз, Тошкент вилоятида 20,8 фоиз, Бухоро вилоятида 14,5 фоиз, Қашқадарё вилоятида 9,4 фоиз, Сурхондарё вилоятида эска 3,1 фоизгакамайган.

Вояга етмаганлар жиноятчилиги эса ўтган даврга нисбатан 32,9 фоизга камайган бўлиб, ҳудудлар кесимида Хоразм вилоятида 76,9 фоиз, Навоий вилоятида 75 фоиз, Наманган вилоятида 62,7 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 56 фоиз,Бухоро вилоятида 46,9 фоиз, Самарқанд вилояти 46,7 фоиз, Тошкент шаҳрида 38,5 фоиз, Андижон вилоятида 36,6 фоиз, Сирдарё вилоятида 33 фоиз, Қашқадарё вилоятида 11,8 фоиз, Сурхондарё вилоятида 10 фоизга, Жиззах вилоятида 8 фоиз , Фарғона вилоятида 5,1 фоизгакамайган бўлса, жойларда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қониқарли ташкил этилмаганлиги, вояга етмаганлар жиноятчилигини жиловлашдаги ишларнинг самарасизлиги сабабли Тошкент вилоятида 4,1 фоизга ошган.

Келажагимиз ёшларнинг қўлида эканлигини унутмаган ҳолда улар томонидан жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, эзгу ва бунёдкорлик ташаббуслари чиқишини, шундай ишлар амалга оширилишини таъминлаш учун барчамиз бирдек ҳаракатда бўлмоғимизни замоннинг ўзи талаб қилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1