Долзарб мавзулар Фото

Қонунчиликка киритилаётган янги ўзгаришлар

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 24.08.2019, 15:14

Маҳкумларга пенсия тайинлаш тартиби, паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, меҳнатга мажбурлаганлик ва иш ўринларини яширганлик учун жавобгарлик ҳамда эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиловчи нормалар жорий этилмоқда.

Бу Сенат аъзолари муҳокама қилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда акс этган.

Пенсия ёшига етган судланганлар ва ногиронлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида Жиноят-ижроия кодексига ва “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Унга кўра, манзил-колония жойлашган ердаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ариза бериш орқали манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинланади. Пенсияни маҳкумларнинг шахсий ҳисоб варақларига ўтказиш орқали тўлаш назарда тутилмоқда.

Айбланувчи, судланувчи суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, уни бундан кейинги жиноий фаолиятининг олдини олиш, ҳукмнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодексига “Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш” деб номланган янги боб киритилади. Паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш фақат давлатлараро ёки халқаро қидирув эълон қилинган айбланувчига ёки судланувчи шахсга нисбатан қўлланилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузганлик, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаганлик, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаганлик, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, бўш иш ўринларини яширганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Оила кодексига эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиловчи норма киритилмоқда.

Ушбу қонун Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган. Унда 2019 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгилаш қайд этилган.

Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, ФҲДЁ органлари томонидан 17 ёшда никоҳи қайд этилган хотин-қизлар сони 2016 йилда 4233 тани, 2017 йилда 4853 тани ва 2018 йилда 5123 тани ташкил этган.

Ҳолбуки, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 1-моддасига кўра бола агар қонун бўйича ушбу болага вояга етганлик олдиндан белгиланмаган бўлса, 18 ёшга тўлмаган ҳар қандай инсон бола ҳисобланади.

Ўзбекистон мазкур Конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган бўлсада, миллий қонунчилигимиздаги ўн саккиз ёшга етмаган шахсни никоҳ тузишга (турмушга чиқишига) рухсат берилиши ҳақидаги норманинг мавжудлиги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига мувофиқ эмас эди.

Юқоридагиларга асосан, Оила кодексининг 15-моддаси биринчи қисми билан никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланмоқда.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши хотин-қизларнинг эрта никоҳини ва эрта туғруғининг олдини олишга хизмат қилади. Бу оилаларнинг янада мустаҳкамланишига, ажримларнинг олди эришилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии