​Танзила Норбоева сенаторлардан 5 та муҳим масалага эътибор қаратишни сўради

ЖАМИЯТ 23.08.2019, 11:01
​Танзила Норбоева сенаторлардан 5 та муҳим масалага эътибор қаратишни сўради

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлагани ҳақида аввал хабар бергандик.

Ялпи мажлисда Сенат раиси Танзила Норбоева сенаторлардан 5 та муҳим масалага эътибор қаратишни сўради.

Биринчидан, бугунги кунда амалга оширишнинг аниқ механизми мавжуд бўлмаган, давлат ва жамият ривожига ижобий таъсир кўрсата олмаётган умумий тусдаги қонунларни маъқуллаш амалиётидан тўлиқ воз кечиш лозим.

Иккинчидан, ўтказиладиган ҳар бир назорат тадбирининг аниқ амалий натижалар билан якунланишига эришиш шарт. Жойлардаги, шунингдек, соҳа ва тармоқлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар ечими юзасидан парламент назорати воситаларини қўллаган ҳолда амалий таклиф ва ташаббусларни фаол илгари суриш зарур.

Учинчидан, юқорида таъкидланганидек, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтиришга кўмаклашиш нафақат Сенатнинг тегишли комиссияси, балки бошқа қўмита ва комиссиялари фаолиятининг ҳам устувор йўналишларидан бири бўлиши керак. Айниқса, жойларда ўтказиладиган назорат тадбирларига маҳаллий Кенгашлар депутатларининг иштирокини сўзсиз таъминлаш шарт. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар қарорлари ижроси юзасидан назорат олиб боришда ҳудудлардан сайланган сенаторлар уларга амалий ёрдам кўрсатиши керак.

Тўртинчидан, гендер тенглик масалалари, хотин-қизлар ҳуқуқларининг тўлиқ рўёбга чиқишини таъминлаш, аҳоли, хусусан ёшларни иш билан таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш бўйича ишларда фаол иштирок этиш ҳар бир қўмита ва комиссия, сенаторнинг асосий вазифаларидан бўлиб қолаверади.

Бешинчидан, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш амалиётини янада кучайтириш зарур.

“Ўйлайманки, ҳар бир сенатор ўз ваколатларини сўзсиз амалга ошириш, энг муҳими, халқни рози қилишдек эзгу мақсад рўёби йўлида барча имкониятларни ишга солади”, - деди Танзила Норбоева.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1