Тошкентда Ўзбекистон маданиятини ўрганиш ва асрашга бағишланган халқаро конгресс бўлиб ўтмоқда

МАДАНИЯТ 23.08.2019, 09:35
Тошкентда Ўзбекистон маданиятини ўрганиш ва асрашга бағишланган халқаро конгресс бўлиб ўтмоқда

Аввал хабар берганииздек, 22 августь куни Тошкентда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг III халқаро конгресси иш бошлади. Икки кун давом этадиган Конгресснинг биринчи куни сермазмун ўтди, бир-биридан қизиқарли маърузалар, турли қарашлар, қадимий маданиятлар, динлар, тамаддунлар ҳақидаги илмий ва фалсафий нуқтаи назарларга бой бўлди. Иштирокчилар мерос ҳафталиги, унда кўргазмага қўйилган нодир китоб-альбомлар ва Сурхондарёда олиб борилаётган археологик қазишмалар ҳақида қимматли фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев:

Энг қадимги даврлардан бери, Ўзбекистон савдо ва маданият алоқаларининг йирик артерия қон томири, яъни транспорт ва коммуникация кўприги сифатида Буюк Ипак йўлига ўз бағрини очган. Бу йўл нафақат товар алмашинуви, балки илм ва маданиятлар уйғунлашувига ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Илм-фан ва маданият алмашунивида Шарқ ва Ғарб орасидаги кўприк ҳисобланган.

Шу боис ЮНЕСКО билан доимий ҳамкорлик олиб бориш Ўзбекистон сиёсатининг энг устувор йўналишларидандир. Ҳозирда бутун дунёда истеъмол ҳажмининг ошиши, тирик табиатнинг ҳалокат ёқасига келиб қолгани, генофонднинг ўзгариши, Ер сайёраси экологик манзарасининг кескин ўзгариши каби салбий ҳолатлар кузатилаётгани сир эмас. Шундай шароитда тараққиёт барқарорлиги ҳамда замон ўртасидаги мувозанатни, инсоният маданий тарихини сақлаб қолиш, баҳамжиҳатликда иш кўриш муҳим. Ушбу конгресс ҳам айни шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилган муҳим қадамдир.

Азиз Абдуҳакимов, Бош вазир ўринбосари:

Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорликда алоҳида дастур асосида кўпгина хайрли ишларни бажариб келмоқда. Бу Ўзбекистон маданиятига бўлган эътиборнинг ёрқин далилидир. “Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар ва маданиятлар” ҳафталиги ҳамда унинг доирасидаги конгресс ҳам шу мақсаддаги ишларни янги босқичга кўтариш ниятида ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасида Ўзбекистон тарихининг ажралмас қисми бўлган Ислом маданияти, Темурийлар даври, Кушон цивилизацияси, Сўғд империяси маданияти билан яқиндан таништирилади. Тарих, маданиятни ўрганишдаги қадамлар бу билан тўхтаб қолмайди. Бу масала ҳар доим ҳукумат даражасида кўриб чиқилади.

Конгрессда Фирдавс Абдуҳолиқов, Эдвард Ртвеладзе ва бошқалар лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтдилар. Э.Ртвеладзенинг таъкидлашича аксарият илмий кашфиётларга ўз замонасида етарли эътибор қаратилмайди. Айрим кашфиётлар бир неча аср ўтиб тан олинади. Бироқ ушбу лойиҳага айни пайтда қизиқиш жуда катта бўлаётганини, турфа тахминлар мавжудлигини, ҳақиқат бахсларда тасдиқланишини, келажак авлодлар улар топган асори атиқалардан ўз илмий фаолиятида фойдаланишини фахр билан тилга олди.


Конгрессда "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳаси доирасида чоп этилган китоб-альбомлар тақдимоти бўлиб ўтди. Меҳмонларга ушбу китоб-альбомлардан намуналар совға қилинди.

44 та мамлакатдан 250 нафардан зиёд олимни жамлаган конгресснинг биринчи кунида Мовороуннаҳр қўлёзмалари, сўғд маданияти, буддавийлик маданияти, ўзбек ҳунармандчилиги, Темурийлар сулоласи мероси мавзуларига бағишланган маърузалар тингланди. Шунингдек, Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қимматбаҳо қўлёзмалар конгресс иштирокчиларига таништирилади ҳамда Кушон империясига тааллуқли ноёб экспонатлар кўргазмаси ўтказилади.

Бугун Конгресснинг иккинчи кунида иштирокчилар Ислом маданияти, “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони” лойиҳаси, ўрта аср миниатюра санъати мавзуида илмий суҳбатлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳафталик давомида Тошкент, Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ўзбек маданиятини ўрганиш ва асраш, тарғиб этишга бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтади. Уларнинг тафсилотлари билан сизни сайтимиз саҳифаларида таништириб борамиз.

Манзура БЕКЖОНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1