1

Маданий мерос ҳафталиги – маданиятлар ўртасидаги олтин кўприк

МАДАНИЯТ 21.08.2019, 20:53
Маданий мерос ҳафталиги – маданиятлар ўртасидаги олтин кўприк

“Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳасида: империялар, динлар, маданиятлар” маданий мерос ҳафталигининг очилишига бағишланган матбуот анжуманида иштирокчилар, таниқли олимлар, ҳурматли меҳмонлар ушбу лойиҳа ва маданий меросни ўрганишнинг аҳамияти, кенг қамровли ҳафталикдан кутилаётган мақсадлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор этдилар.

Ефим Резван, тарих фанлари доктори, Санкт-Петербургдаги Буюк Пётр номидаги антропология ва этнография музейи директори ўринбосари:

- Мен учун Ўзбекистонга ташриф ва бундай йирик тадбирда иштирок этиш доимий серташвий ҳаётдан узоқлашиш ва ижод билан шуғулланиш учун ажойиб бир имконият бўлди. Ҳар доим Ўзбекистонга келганимда бу ерда олган таассуротларимдан илҳомланиб, янги тадқиқотлар ва лойиҳаларга асос бўлувчи ғояларни ўзим билан олиб кетаман. Ўйлайманки бу сафар ҳам худди шундай бўлади.

Адам Смит Албион, коллекционер, Осиёлик ёш тадбиркорлар дастури директори (США):

- Бундай оламшумул тадбирга таклиф этилганим мен учун унутилмас воқеа бўлди. Ўйлайманки, кўплаб илм аҳли вакиллари бундай анжуманда қатнашишни орзу қилади. Мен ўзим коллекционерман, кўп йиллардан буён Ўзбекистон халқининг ҳунармандчилик санъати намуналарига қизиқаман. Бундан 20 йил муқаддам Нукус шаҳрига келганимда у ердаги машҳур И. В. Савицкий номидаги музейда бўлганман. Ўшанда мени ўзбек, қорақалпоқ амалий санъати турлари ўзига маҳлиё қилган. У ерда кичкинагина миллий мато парчасини сотиб олгандим. Шу тариқа қорақалпоқ ва ўзбек халқ санъати усталари, тарихчилари, музей жамланмалари билан танишдим. Мен ўзбекистонлик санъаткорлар, ҳунармандлар ва уларнинг ижодий фаолияти ҳақида кўп ўқиганман. Бу ердаги тўқимачилик, металл ўймакорлиги каби ҳунарларга жуда қизиқаман ва айта оламанки, ҳозирги вақтда кўпгина Ғарб мамлакатлари бундай нодир санъат турларига катта қизиқиш билан қарамоқда.

Мен бу ерга Ўзбекистондаги халқларнинг амалий саъат турлари ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш ва юртдошларимга етказиш мақсадида келдим. Албатта, ҳафталикка келган Ўзбекистоннинг маданияти ва миллий меросини тадқиқ қилувчи олимлардан тажриба ўрганиш ҳам мен учун жуда муҳим.

Абдулҳаким Шаръий ЖУРЖОНИЙ, юридик фанлар доктори, профессор, Ўзбекистондаги Турон фанлар академияси аъзоси, Ўзбекистон халқаро Бобур фондининг Швециядаги вакили:

– Собиқ Иттифоқ даврида ва ундан олдинги даврларда ҳам ҳеч қачон ўзбек халқининг маданияти, маданий мероси, порлоқ эртасига бунчалик эътибор қаратилмаган. Ўтмишда кўп бойликлар йўққа чиқарилган, нобуд қилинган, нодир китоблар эса куйдирилган, ерга кўмилган. Шунинг учун мустақиллик даврини тикланиш даври деймиз. Айни кунларда Президент ташаббуси билан мустақиллик янги босқичга кўтарилди. Мана шу сиёсат асосида жуда ҳам ажойиб тарихий фаолият бошланди. Бу ҳаракатларнинг тарихийлиги шундаки, улар халқаро миқёсда муҳим аҳамиятга эга. Негаки, бу лойиҳа доирасида минтақа марказида Ўзбекистон маданияти турибди, у Покистон, Хитой, Шарқий Туркистон, Ҳиндистон, Эрон, Араб мамлакатлари ва бошқаларнинг маданий, илмий, бадиий меросларини тўплаб, бирлаштириб боряпти.

Мен лойиҳанинг биринчи йили ҳам иштирок этгандим. Ўтган сафар 10 та китоб-альбом нашр қилинган эди. Мана, бугун шу китоблар 32 тага етибди. Агар сиз Ўзбекистонни кўраман десангиз, ўзбек маданиятини, адабиётини, илмини, тарихини ўрганаман десангиз, ўзбеклар ким, Ўрта Осиёда қандай халқлар яшаган, деган саволга жавоб изласангиз, жавобни шу китоблар ичидан топасиз! Бу китоблар барча ноёб дурдоналарни ўзига қамраб олган. Осиё, Африка, Оврупо мамлакатларида, Лондон, Парижда сақланаётган қўлёзма ёдгорликлар, дунёда тенги йўқ, ҳеч ким кўрмаган, ҳеч кимнинг хабари йўқ асарларни ўзида сақлайди бу китоблар!

Ушбу тўпламларнинг аҳамияти шундаки, Ўзбекистондаги Абу Райҳон Беруний номидаги кутубхонада сақланаётган 26 минг нусҳа ҳеч ким кўрмаган дунёда тенги йўқ қўлёзма асарларни ҳам энди ҳамма кўради. Ҳатто Ўзбекистонга кела олмаган одамлар ҳам кўриб, бу ерга келишга қизиқиши ортади. Шунинг учун менинг нуқтаи назаримда бу лойиҳа халқаро аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, у минтақа халқларини, Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон, Эрон, Араб мамлакатлари, Ҳиндистон, Покистон халқлари маданиятларини бирлаштиради, ораларида олтин кўприк бўлиб хизмат қилади. Бу борада Ўзбекистонда катта ишлар бўляпти, катта ютуқларга эришиляпти, буларнинг битта намунаси мана шу лойиҳадир.

Манзура БЕКЖОНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1