1

Масофавий таълим тизимини самарали ташкил этиш – давр талаби

ЖАМИЯТ 21.08.2019, 10:12
Масофавий таълим тизимини самарали  ташкил этиш – давр талаби

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 23 августдаги «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Ички ишлар органлари тизимини ривожлантириш, уларнинг қуйи бўғинларини аҳолига янада яқинлаштирган ҳолда мустаҳкамлаш, «Жиноят ҳақиқати ва адолати», «Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар» деган тамойилларни қарор топтириш кўп жиҳатдан, соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини оширишга боғлиқ. Шу боисдан, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув машғулотларида интерфаол усуллардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ва унинг жойлардаги филиалларида ўқув жараёнида замонавий инновацион ахборот технологияларидан фойдаланиш масалаларига кенг эътибор қаратилмоқда. Хусусан, масофавий таълим – мустақил бўлиб, у инсоннинг мустақил фикрлаш, ҳолатни баҳолаш, хулоса ва башорат қилиш қобилиятларини ривожлантиради. Масофавий таълимнинг яна бир афзаллиги шундаки, унда ўқувчи ўзига қулай вақтда ва ҳаттоки ишдан ажралмаган ҳолда билим олиши мумкин. Айнан шундай афзалликлари туфайли ушбу тизим ҳозирги кунда дунёда кeнг тарқалган. Кўпгина йирик корхоналар мутахассислари малакасини ошириш ёки ўзгартириш учун шу услубдан фойдаланилиб, йилига миллионлаб пул маблағлари тeжалмоқда.

Хусусан, жорий йил 20 август куни Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти мутахассислари томонидан Тошкент Давлат техника университети базасида «Ички ишлар органлари ходимларини масофадан ўқитиш тизимини жорий этиш механизмлари» мавзусида ўқув семинари ташкиллаштирилди.

Тадбирда Малака ошириш институти ва унинг филиалларида масофавий таълим тизимини кенг жорий этиш, унда ўқитишнинг замонавий интерактив методларни қўллаш самарадорлигини ошириш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Семинарда Ички ишлар вазирлигининг жойлардаги академик лицейлари директорларининг ходимлар малакасини ошириш бўйича ўринбосарлари, Институт профессор-ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

– Бугунги кунда ижтимоий ҳаёт шиддат билан тараққий этмоқда. Ижтимоий-иқтисодиёт ҳаётнинг барча соҳалари каби ички ишлар идоралари тизимида ҳам ходимларнинг замонавий билимларини оширишда илғор инновацион ахборот технологиялардан самарали фойдаланиш бугунги куннинг талабига айланди, – дейди Институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Н.Норматов. – Бу эса зиммамизга юксак маъсулиятни юклайди. Айни пайтда, ривожланган давлатларнинг таълим тизимида масофадан ўқитиш шакли кенг қўлланилмоқда. Масофадан ўқитишнинг яна бир афзаллиги шундаки, унда тингловчи ўзига қулай вақтда ва хаттоки ишдан ажралмаган ҳолда ўқиши мумкин.

Ўқув семинари давомида асинхрон ва синхрон интерактив таълим бериш, масофавий ўқитиш платформаларининг самарадорлиги, электрон ўқитиш материалларини шакллантириш, ўқув циклининг вазифалари ва дизайнини ишлаб чиқиш, тушуниш ва эслаб қолиш даражасини оширишга йўналтирилган технологияларни қўллаш, самарали тақдимот, жумладан видео тақдимот яратиш учун зарур бўлган методик ва дастурий таъминотни танлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

– Бугунги семинарда масофавий ўқитиш тизимида қўлланиладиган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳақида тушунчаларга эга бўлдик, – дейди Ички ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикасидаги академик лицейи директори ўринбосари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, подполковник Сапарбой Алламберганов.
– Дарҳақиқат, масофавий таълим – ўқув жараёнининг мақсади, мазмуни, услублари, ўқитиш воситалари ва Интeрнeт тeхнологияси ёрдамида тингловчи ҳамда ўқитувчиларнинг масофадан туриб интeрфаол мулоқот қилиш жараёни ҳисобланади. Унда ўқув жараёнлари замонавий ахборот ва педагогик технологиялар ёрдамида амалга оширилади. Шунингдек, масофавий ўқитиш тизимини тадбиқ этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ўйлайманки, келгусида бу каби семинарлар соҳага оид билим ва кўникмаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, таълим тизимида замонавий инновацион технологияларни қўллаш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий самара беради. Шу боисдан назарий ва услубий асосларни ривожлантириб бориш ҳамда зарур ташкилий чора-тадбирларни самарали амалга ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1