23 августда Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси чақирилади

СИЁСАТ 19.08.2019, 12:30
23 августда Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси чақирилади

2019 йил 19 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисини жорий йил 23 август куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилган.

Ялпи мажлис кун тартибига Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилган. Жумладан:

- “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги;

- “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги;

- “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги;

- “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари.

Шунингдек, сенаторлар Халқаро меҳнат ташкилотининг саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-сонли, қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-сонли конвенцияларини ва бошқа халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳам муҳокама қилади.

Ҳисобот ҳам эшитилади...

Ялпи мажлисда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, ички ишлар ва ташқи ишлар вазирлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ахборотлари, шунингдек Хоразм вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилади.



Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1