1

Жаҳон бўйлаб сочилган жавоҳирлар

МАДАНИЯТ 19.08.2019, 09:47
Жаҳон бўйлаб сочилган жавоҳирлар

“Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” мега-лойиҳаси халқимизнинг нодир дурдоналарини излаб топиш, ўрганиш ва тарғиб этишга бел боғлаган.

Ўзбекистон ўзининг бой ва бетакрор тарихий меросига эга. Бугунги кунда мамлакатимиздаги бешта объект (Хива шаҳридаги Ичан-қалъа мажмуаси, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий қисмлари, Чотқол қўриқхонаси) ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Шу билан бирга мазкур нуфузли халқаро ташкилотнинг номоддий маданий мерос объектлари қаторига Марғилондаги атлас ва адрас тўқиш санъати, палов, аския, катта ашула, Бойсун фольклор этнографик маданияти жой олган.

Бу дунё миқёсида тан олинган маданий меросимиз намуналари холос. Ҳали тақдир тақозоси билан дунёнинг турли ҳудудларига тарқалиб кетган, бугунги кунда қатор нуфузли музейлар, кутубюхоналар, шахсий коллекцияларда сақланаётган тарихий буюмларимиз, қўлёзмаларимиз қанча...

Жаҳоннинг йирик маданий маърифий муассасаларини кезар экансиз, минглаб тарихий экспонатлар, ота-боболаримиз яратган санъат асарлари, уй-рўзғор буюмлари, халқ амалий санъати намуналари, тангалар, тақинчоқлар, кийим-кечаклар, қурол-яроғлар, ёзув маданияти, китобат ва миниатюра санъатининг нодир намуналарини кўрасиз. Беихтиёр қалбингиз нурга тўлади.

Бироқ, баъзи ҳолларда айнан Бухоро Самарқанд, Тошкент, Шаҳрисабз, Фарғона сингари тарихий ҳудудларда боболаримиз ва момоларимиз яратган меҳнат ва ижод намуналари бошқа мамлакатларга ва халқларга тегишли деб кўрсатилганини кўриб, дилингиз оғрийди.

Хўш, дунёда бундай “саёҳатчи” экспонатларнинг сони қанча? Улар асосан қайси давлатларда сақланади? Улар юртимиздан қандай ва қай тарзда олиб чиқиб кетилган? Шу пайтга қадар бу каби саволларга аниқ жавоб бериш мушкул эди.

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси, Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва Ислом цивилизацияси маркази, “Eriell Group” халқаро нефть соҳасида хизмат кўрсатиш компанияси, “Zamon press info” нашриёт уйи ва бошқа бир қатор идора ва муассасалар, халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида бошланган “Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида” лойиҳаси орқали шу каби саволларга ҳам жавоб топиш мумкин.

2017 йилда ўз ишини бошлаган бу лойиҳа доирасида шу пайтга қадар Ўзбекистон маданий меросига оид нодир маълумотларни қўлга киритиши учун Россия, Туркия, Франция, Япония, Германия, Буюк Британия сингари мамлакатларда фаолият олиб бораётган шарқшунос, санъатшунос, этнограф олимлар, йирик экспертлар жалб қилинди, турли давлатларга ижодий сафарлар уюштирилди. Замона зайли билан дунёнинг турли ҳудудларига бориб қолган маданий меросимиз намуналари ҳақида маълумотлар тўплана бошлади. Тадқиқотлар давомида Туманли Альбиондан то Саҳрои Кабиргача, Япон архипелагидан то Гавайи оролларига қадар чўзилган бепоён ҳудудда халқимизнинг бебаҳо ёдгорликлари “сочилиб” ётгани маълум бўлди.

Қисқа вақт давомида Ўзбекистондаги И.Савицкий номли Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи, Россиядаги Давлат Шарқ музейи, Россия этнография музейи, Давлат Эрмитажи, Россия Миллий кутубхонаси, Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида сақланаётган осори атиқаларимизга бағишланган китоб-альбомлар чоп этилди.

Мазкур китоб-альбомларнинг ўзига хос жиҳати уларнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларида, замонавий полиграфия имкониятлари доирасида чоп этилганидир. Китоблар муайян тўпламларгнинг шаклланиш тарихи ҳақидаги мақолалар ва каталоглардан ташкил топган. Қайд этиш лозимки, мазкур осори атиқаларнинг аксарияти шу пайтга қадар кенг оммага ошкор қилинмаган. Улар ҳақидаги маълумотлар ва фотосуратлар мамлакатимизнинг бир қатор расмий идоралари, халқаро ташкилотлар, юртимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари, таниқли олим ва мутахассислар ёрдамида қўлга киритилди.

Китоб-альбомлар орасида “Ўзбекистон маданий мероси Германия Федератив Республикаси тўпламларида” деб номланган Х жилди алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, ушбу китоб бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси билан чоп этилди. Китоб-альбомнинг илк тақдимоти Германияда бўлиб ўтди. Мамлакатимиз раҳбари унинг бир нусхасини Бавария федерал ери бош вазири Маркус Зедерга туҳфа қилди.

Бу китоб-альбомларнинг яна бир афзал жиҳати уларнинг замонавий ахборот технологияларига уйғун тарзда чоп этилаётганидир. Бир қатор китоб-альбомларга бириктирилган махсус иловалар планшет ва смартфонлар ёрдамида муайян мавзулардаги видеоматериаллар билан танишиш имконини беради. Бунинг учун гаджет камерасини тегишли саҳифага йўналтириш кифоя. Илованинг ўзи интернет тармоғидан ушбу мавзуга оид видеоматериални топиб беради.

“Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида чоп этилаётган китобларга уларнинг мазмун-моҳиятини ўзида акс эттирган ҳужжатли фильмлар жойланган дисклар илова қилинган. Таниқли журналист Шаҳноза Ғаниева бошчилигидаги ижодий гуруҳ томонидан бир қатор музей ва коллекцияларда сақланаётган ёдгорликларимиз ҳақида ўнлаб фильмлар яратилди, миллий ва хорижий телеканаллар орқали ўзбек, рус, инглиз тилларида эфирга узатилди.

Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларда ташкил қилинаётган форумлар, конференциялар, медиа-ивентлар доирасида мазкур китоб-альбомлар ва фильмларнинг тақдимоти ўтказиб келинмоқда. Ушбу тадбирларда китоб-альбомлар турли маданий-маърифий, илмий муассасаларга, музей ва кутубхоналарга беғараз асосда топширилмоқда. Айтиш мумкинки, катта меҳнат ва изланиш самараси бўлган ушбу нашрларни бугунги кунда сайёрамизнинг турли нуқталарида, энг нуфузли илм ва маърифат масканларида ҳам ўқиш мумкин.

“Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган йирик анжуманлар Марказий Осиё тарихи ва маданияти бўйича изланишлар олиб бораётган юзлаб олимларни бирлаштирмоқда. Улар сафида Фредерик Старр, Александр Наймарк (АҚШ), Михаил Пиотровский, Ефим Резван, Ольга Василева (Россия), Лале Улуч (Туркия), Шоҳин Мустафоев (Озарбойжон), Сергей Лаптев (Япония), Катибур Раҳмон (Ҳиндистон), Ладан Акбарния, Фирюза Мельвиль (Буюк Британия), Френсис Ришар (Франция), Бенедик Пери (Венгрия) сингари халқаро миқёсда танилган олимлар бор.

Илк бор 2017 йилнинг май ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” номли биринчи халқаро илмий-маданий конгрессда 200 дан ортиқ дунё олимлари иштирок этган, улар томонидан қабул қилинган декларацияда бундай йирик анжуманларни ҳар йили мунтазам ўтказиб бориш белгиланган. 2018 йилда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи халқаро конгрессда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этиш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг низоми тасдиқланди, жамият олдига қўйилган асосий мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.

Жорий йилда бу анжуманнинг қамрови янада кенгайди. 22-23 август кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг III халқаро конгресси “Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳасида: империя, дин, маданият” маданий мерос ҳафталиги доирасида ўтказилади. Унда турли мамлакатлардан академиклар, фан докторлари ва профессорлар, тадқиқотчилар янги тадқиқотлар ва илмий изланишлар натижаларини эълон қилишади. Меҳмонларни қизиқарли тақдимотлар, эксклюзив кўргазмалар, тарихий ёдгорликларга саёҳат, маданий тадбирлар кутмоқда.

Мазкур ҳафталик давомида “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидаги китоб-альбомларнинг янги жилдлари кенг жамоатчиликка тақдим этилади. Мазкур китоб-альбомларнинг беш жилди Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмаларга бағишланган. Шунингдек, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Самарқанд Давлат музей қўриқхонаси, Ўзбекистон музейларида Кушон салтанати ва темурийлар даври меросига бағишланган жилдлар юртимизда сақланиб қолган осори атиқалар ҳақида маълумот беради. Шу билан бирга бу йилги мерос ҳафталиги давомида Туркия, Россия, Франция, Буюк Британия, Чехия, Япония, Польша сингари мамлакатларнинг Ўзбекистонга оид тўпламларига бағишланган китоб-альбомлар ҳам илмий жамоатчиликка тақдим қилинади. Бу китобларнинг ҳар бири юртимиз тарихи, халқимизнинг ўтмишдаги турмуш тарзи, аждодларимиз даҳоси, идроки ва тафаккури, маънавий қиёфаси ҳақида ёрқин тасаввур бера олади. Хориждаги энг донгдор босмахоналарда босилаётган, минг йиллар давомида ўз сифатини йўқотмайдиган бу китоблар халқимизнинг ўтмиши, бугунги куни ва келажагини боғловчи кўприк бўлса ажаб эмас.

Рустам Жабборов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1